Исроил келишувга қарамасдан Ғазога ҳужумларни давом эттирди (видео)
Олам
−
09 Октябрь 2025 5272 1 дақиқа
Исроил армияси Ғазо секторига қўйилган блокада остидаги ҳудудга ҳужумларни давом эттирди. Бу ҲАМАС ва Исроил орасида Ғазода оташкесим тўғрисида келишувга эришилгани ҳақидаги хабарларга зид ҳолда амалга оширилди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Исроил ҳарбий самолётлари ва артиллерияси минтақанинг турли ҳудудларини ўққа тутди, оқибатда етти нафар фаластинлик жароҳатланди. Осмонга қора тутун устунлари кўтарилди.
Носир шифохонаси манбаларига кўра, Ғазонинг жанубидаги Хон-Юнус шаҳрида турли маҳаллаларга қилинган ҳаво ҳужумлари оқибатида уч киши яраланган.
Гувоҳларнинг айтиришича, Ғазонинг жанубида жойлашган Аз-Зейтун маҳалласидаги ҳудудларга қилинган ҳужумларда яна тўрт фаластинлик жароҳатланган ва у ердан ҳам қора тутунлар кўтарилган.
Бундан олдин АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғаза сектори бўйича оташкесим режасининг биринчи босқичи бўйича келишувга эришилганини маълум қилганди.
Келишувга кўра, асирлар қисқа вақт ичида озод қилинади ва Исроил қўшинлари олдиндан белгилаб қўйилган чизиғга чекинади.
“Мен катта фахр билан маълум қиламанки, Исроил ва ҲАМАС бизнинг тинчлик режамизнинг биринчи босқичини маъқуллади. Бу келишув доирасида барча асирлар яқин фурсатларда озод этилади”, деб ёзди Трамп.
Тушга яқин Исроилнинг KAN жамоат телеканали Ғазода оташкесим кучга кирганини хабар қилди.