Хавфли инфекцияга чалинган 4500 мигрант Россиядан депортация қилинди

Олам

image

Россияда 2025 йилнинг 9 ойи давомида 4500 га яқин хорижлик фуқароларда атрофдагилар учун хавфли касалликлар аниқланди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва бўйича бош бошқармаси Миграция бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Игорь Дудник бугун, 8 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Биз Россияда рухсатнома олишга уринган ва юқумли касалликларга чалинган 4500 га яқин чет эл фуқаросини аниқладик. Уларнинг барчаси мамлакатдан чиқариб юборилди”, деди у.

Унинг қўшимча қилишича, бу касалликлар ижтимоий хавф туғдиради.

Дудникнинг сўзларига кўра, тўққиз ой давомида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш аломатлари бўлган 1600 дан ортиқ хорижлик аниқланган ва кейинчалик депортация қилинган. 150 дан ортиқ мигрант ҳам шахсини тасдиқловчи маълумотларини ўзгартириб, Россияни тарк этган. Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мигрантлар орасидан қидирувда бўлган 240 га яқин хориж фуқаросини аниқлаган.

Январь ойида Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев хавфли касалликлар ва гиёҳвандликка чалинган мигрантларни депортация қилиш зарурлигини айтганди.

“Энг долзарб масалалардан бири бу – хавфли касалликлар аниқланган мигрантлар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилувчилар билан боғлиқ вазият. Бу ерда ёндашув жуда оддий бўлиши керак: улар зудлик билан депортация қилиниши лозим”, дея таъкидлаганди у.

Жорий йил 5 февралдан бошлаб Россияда ноқонуний мигрантларнинг давлат реэстри мавжуд бўлиб, унда мамлакатда ноқонуний яшаётган ёки ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд. Ундан мигрантларни текшириш мақсадида иш берувчилар, тадбиркорлар ва фуқаролар, шунингдек, давлат органлари фойдаланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва полицияси ташаббуси билан 2025 йилда Россиядан 450 дан ортиқ ноқонуний мигрант депортация қилингани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрантлар депортация хавфли инфекция Игорь Дудник

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг