Саудия Арабистони барча виза эгаларига Умра зиёратига рухсат берди
Олам
−
08 Октябрь 2025 4151 1 дақиқа
Эндиликда Саудия Арабистони ҳудудида барча турдаги виза эгалари Умра ибодатини адо этиши мумкин. Бу ҳақда мамлакатнинг Ҳаж ва Умра вазирлигига таяниб, “Gulf News” хабар берди.
Қайд этилишича, бу қарор умра зиёратчилари учун жараёнларни соддалаштириш, Ҳаж ва Умра тизимида хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ҳамда Саудия Арабистонининг “Vision 2030” дастури мақсадларини қўллаб-қувватлаш доирасида қабул қилинган.
Вазирликка кўра, ушбу рухсат қуйидаги визаларни ўз ичига олади:
- шахсий ва оилавий ташриф визалари;
- электрон сайёҳлик визалари;
- транзит визалар;
- иш визалари ва бошқалар.
“Бу қадам мамлакатнинг бутун дунё мусулмонларига диний маросимларини енгиллик ва хотиржамлик билан адо этиш имконини беришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Шунингдек, вазирлик “Nusuk Umrah” платформаси ишга туширилганини эълон қилган. Ушбу тизим фойдаланувчиларга Умрани тўғридан тўғри бажариш учун пакетларни танлаш ва рухсатномаларни электрон тарзда олиш имконини беради. Платформа, шунингдек, хизматларни бронь қилиш ва мос вақтни танлашни таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Ҳаж” ва “Умра” маркази ўзбекистонликлар учун янги Умра мавсуми жорий йилнинг август ойидан бошланишини эълон қилган эди.
Live
Барчаси