Тўқаев ТДТ доирасида Киберхавфсизлик кенгаши тузишни таклиф қилди

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Киберхавфсизлик кенгаши тузишни таклиф қилиб, “Туркий давлатлар ташкилоти +” форматини ташкил этиш ғоясини маъқуллади. Бу ҳақда у бугун, 7 октябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг XII саммитида сўз очди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу форматнинг асосий вазифаси ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўлади.

“Тўрт йил давомида биз туркий халқларнинг тарихи умумий илдизларга бориб тақалишини, уларнинг қадимдан ягона келиб чиқишга эга эканини таъкидлаб келмоқдамиз. Буларнинг барчаси халқларимизнинг биродарлиги ва абадий бирлигининг олтин таянчидир. Яқинда мамлакатларимиз “Туркий давлатлар ҳамкорлик куни”ни нишонлади. Бу муҳим сана туркий халқларнинг бирлигини мустаҳкамлаш рамзидир. Бугун ташкилот дўст туркий халқларни бирлаштирган нуфузли ва обрўли тузилмага айланди”, дейди Тўқаев.

У, шунингдек, кўплаб давлатлар киберҳужумлар каби чегарасиз янги таҳдидлар билан тўқнаш келаётганига эътибор қаратган.

“Мен ташкилот доирасида Киберхавфсизлик бўйича кенгаш тузишни таклиф қиламан. У аъзоларимизнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириб, кучларни бирлаштиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, кенгаш рақамли хавфсизликни ривожлантириш ва бу соҳадаги алоқаларни мустаҳкамлашга кўмаклашади. Жорий йил сентябрь ойида Олмаотада ўтказилган конференция ҳам бу йўналишдаги ҳамкорликни кучайтириш нақадар муҳимлигини яна бир бор кўрсатди”, дейди у.

Қозоғистон раҳбари иқтисодий ҳамкорликни барқарорлик ва фаровонликнинг асосий пойдевори деб атади.

“Биз “Туркий дунё истиқболи-2040” дастурини тўлиқ амалга оширишга эътибор қаратишимиз зарур. Бугунги саммит мазмуни ушбу режанинг амалий тадбирлар билан бойитилишига хизмат қилиши лозим. Албатта, ҳар бир ТДТ аъзо давлатининг ўз устунликлари ва ютуқлари бор. Бироқ ташкилот доирасида йирик савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун аниқ механизмлар таклиф қилинмоқда. Шулардан бири – Туркий инвестиция фондидир. Биз ушбу молиявий институт имкониятларидан максимал фойдаланишимиз керак”, дейди Тўқаев.

Президент транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурлигини ҳам қайд этган.

“Бизнинг давлатларимиз Евроосиё марказида – Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи кўплаб йўллар чорраҳасида жойлашган. Ҳозир Қозоғистон ҳудуди орқали бешта халқаро темирйўл йўлаги ўтади. Яқинда биз Достик–Мойинти темирйўлининг иккинчи линиясини ишга туширдик. Бу қадам Трансқозоғистон темирйўл коридорининг жадал ривожланишига хизмат қилади. Янги йўналиш юк ташиш ҳажмини беш баравар ошириш имконини беради. Бундан ташқари, яна икки муҳим темирйўл линияси қурилмоқда. Бу лойиҳалар минтақавий логистика ўсишига янги туртки беради. Транскаспий халқаро транспорт йўлаги аллақачон Евроосиё транспорт тизимининг стратегик бўғинига айланди. Сўнгги беш йилда Ўрта йўлак орқали юк ташиш ҳажми олти баробар кўпайди. Яқинда Олмаотада ТДТга аъзо давлатлар Транспорт вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтди, унда ушбу йўналиш бўйича қатор келишувларга эришилди. Туркий давлатларни Ўрта йўлак бўйлаб авиация марказлари, темирйўл станциялари ва денгиз портлари инфратузилмасини модернизация қилишда фаол иштирок этишга чақирамиз. Ҳозирда транспорт-транзит соҳасида рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу йўналишда сунъий интеллект технологияларини қўллаш албатта фойдали бўлади. Шу боис биз ташкилот доирасида илғор мутахассислар иштирокида махсус рақамли мониторинг марказини яратиш масаласини муҳокама қилишни таклиф этамиз”, дейди у.

Тўқаев, шунингдек, ТДТ доирасида Рақамли инновациялар марказини ташкил этишни таклиф қилган.

“Яқинда Остона шаҳрида Alem.АІ халқаро сунъий интеллект маркази очилди. Унинг базасида Туркий давлатлар ташкилотининг Рақамли инновациялар марказини яратишни таклиф қиламан. У стартапларни қўллаб-қувватлаш, қўшма лойиҳаларни ривожлантириш, сунъий интеллект соҳасида тажриба алмашиш ва венчур капитални жалб этиш билан шуғулланади. Рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан халқларимиз фаровонлиги йўлида оқилона фойдаланиш, шу билан бирга янги технологиялар билан боғлиқ хавф ва чақириқларнинг олдини олиш зарур”, дейди Тўқаев.

Қозоғистон раҳбари энергетика соҳасини ривожлантириш бугунги шароитда биринчи даражали эътибор талаб қилаётганини қайд этган.

“Шу муносабат билан, ТДТ доирасида энергия самарадорлиги бўйича илғор тажриба кенгашини тузишни таклиф қиламиз. Шуни қайд этиш керакки, нефть, газ, уран, кўмир ва нодир ер элементларини ўзлаштириш ҳамда улардан самарали фойдаланиш Қозоғистон энергетика стратегиясининг асосий йўналиши бўлиб қолмоқда”, дейди Қозоғистон Президенти.

Унинг фикрича, энг оғир глобал муаммолардан бири сув танқислиги ва у Марказий Осиёда энг кескин муаммога айланиши мумкин.

“Биз умумий дастур қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишимиз керак. У суғориш тизимларини рақамли назорат қилиш, томчилатиб суғориш усулларини кенг қўллаш ва сув омборлари самарадорлигини оширишни ўз ичига олади”, дейди Тўқаев.

Шунингдек, у ТДТ доирасидаги маданий-гуманитар алоқаларнинг ўзига хос ўрнини алоҳида таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу саммит доирасида Шавкат Мирзиёев туркий дунёнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, жаҳон сиёсати, иқтисодиёти ва гуманитар соҳадаги ролини оширишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сургани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев Туркий давлатлар ташкилоти Киберхавфсизлик кенгаши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг