“Y сайёраси”. Қуёш тизимида яширин жисмнинг излари топилди
Бу қизиқ
−
04 Октябрь 2025 9561 7 дақиқа
Қуёш тизимида номаълум бир сайёрани излаш олимларни юз йилдан ортиқ вақтдан бери қизиқтириб келади. Энди эса янги тадқиқот шундай эҳтимолий номзодни илгари сурмоқда – тадқиқотчилар уни “Y сайёраси” деб атаган.
Бу сайёра бевосита кузатилмаган, балки Нептун ортида жойлашган Қуйпер камаридаги айрим узоқ жисмлар орбиталарининг ғалати оғишлари орқали хулоса қилинган. Олимлар айтишича, бу оғишларни нимадир бузмоқда ва уларни оғишга мажбур қилмоқда.
“Бир изоҳ – бу кўзга кўринмайдиган сайёранинг мавжудлиги. У эҳтимолан Ердан кичикроқ, аммо Меркурийдан каттароқ бўлиши мумкин ва Қуёш тизимининг чуқур ташқи қисмида айланиб юради” деди тадқиқотнинг етакчи муаллифи, Принстон университети астрофизика фанлари бўлими докторанти Амир Сираж.
“Y сайёраси” – сўнгги йилларда олимлар таклиф этган гипотетик сайёралар қаторидаги энг янги номзод ҳисобланади. Улар турлича хусусиятларга эга бўлса-да, умумий қараш шундаки, уларнинг барчаси Қуйпер камарида – 2006 йилда тўлиқ сайёра мақомидан маҳрум қилиниб, “гном сайёра” деб қайта таснифланган “Плутон” билан бир ҳудудда – яширин ҳолда мавжуд бўлиши мумкин.

Кўплаб “тўққизинчи сайёра” номзодлари пайдо бўлишининг сабаби шундаки, Қуйпер камари – Қуёш тизимининг жуда узоқ ва қоронғу қисми бўлиб, у ерда кузатувлар жуда қийин ва тўлиқ эмас. Аммо бу тўсиқлар тез орада йўқолиши мумкин: чунки янгидан қурилаётган Vera C. Rubin обсерваторияси яқин орада 10 йиллик осмон кузатувларини бошлайди.
“Менимча, илк икки-уч йил ичида масала аниқ бўлади. Агар “Y сайёраси” телескоп кўриш майдонида бўлса, у уни тўғридан тўғри аниқлай олади” деди Сираж.
Қизғин баҳс
1846 йилда Нептун кашф этилгандан кейин, астрономлар Қуёш тизимида яна бир номаълум сайёрани излашни давом эттирди. ХХ аср бошларида бу номзод “X сайёраси” номи билан машҳур бўлди – бу атамани машҳур астроном Персивал Ловелл оммалаштирган. Унинг фикрича, Нептун ва Уран орбиталаридаги ноодатий оғишлар ҳали кашф этилмаган узоқдаги бир жисм сабабли юзага келган.
1930 йилда Плутон топилганида, астрономлар уни тўққизинчи сайёра деб эълон қилди ва аввал бошда уни “X сайёраси” деб ҳисоблади. Аммо кейинги ўн йилликларда маълум бўлдики, Плутон бу оғишларни тушунтириш учун жуда кичик. 1990 йиллар бошига келиб эса “Voyager 2” зондидан олинган маълумотлар Нептун олдин ўйланганидан енгилроқ эканлигини кўрсатди, бу эса орбитал бузилишларни изоҳлаш учун янги сайёра гипотезасини кераксиз қилди.
Қидирув 2005 йилда қайта фаоллашди – уч астроном, жумладан Майк Браун (Калифорния технология институтидаги сайёравий астрономия профессори) Эрис номли музлик жисмни топди. У Плутондан бир оз каттароқ бўлиб, Қуёшни Қуйпер камари орқали айланиб юрарди.

Бу кашфиёт натижасида Плутон сайёра мақомидан маҳрум қилиниб, “гном сайёра” деб қайта таснифланди. 2016 йилда эса Браун ва ҳамкасби Константин Батигин ўз тадқиқотларида Қуёш тизимида яна бир сайёра мавжуд бўлиши мумкинлигини илгари сурди ва уни “Тўққизинчи сайёра” (Planet Nine) деб атади.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, Тўққизинчи сайёра Ернинг 5-10 баравари массага эга бўлиб, Плутондан анча узоқда – Ер ва Қуёш орасидаги масофадан тахминан 550 баравар нарироқ масофада айланиб юради. Йиллар давомида олимлар турли ўлчамдаги яширин сайёралар ҳақида – Марс ҳажмидаги жисмдан тортиб “супер-Плутон”гача – гипотезаларни илгари суришган.
Амир Сиражнинг таъкидлашича, Тўққизинчи сайёра ёки “Y сайёраси”ни излаш астрономияда жуда қизғин баҳсга айланган:
“Бу жуда қизиқарли муҳокама ва айнан шу илмий баҳслар бизни бу мавзуни тадқиқ этишга ундади. Менимча, биз жуда омадли авлодмиз – чунки бу кашфиётлар айнан бизнинг давримизда амалга ошиши мумкин”, деди у.
Сиражнинг таъкидлашича, Тўққизинчи сайёра ва “Y сайёраси” бир-бирини истисно қилмайди – иккаласи ҳам бир вақтда мавжуд бўлиши мумкин.
Сиражнинг “Y сайёраси”ни излаш ишлари тахминан бир йил олдин бошланган. У Қуйпер камарининг шакли текисми-йўқми, деган саволга жавоб излаётган эди:
“Қуёш тизимидаги сайёралар орбиталари бироз юқори-пастга оғади, аммо умумий ҳолда улар винил пластинкадаги йўлакчаларга ўхшаш текисликда жойлашган. Шу боис, Нептундан ташқаридаги музлик жисмлар ҳам худди шундай текис жойлашган бўлиши – стол юзаси пластинка билан параллел бўлиши керак эди. Аммо бу кузатилмади.
Жуда ҳайратланарли ҳолат шу бўлдики, Ер-Қуёш масофасидан тахминан 80 баравар узоқда Қуёш тизими ногаҳонан 15° даражага оғиб қолган. Айнан шу ҳолат “Y сайёраси”гипотезасини илҳомлантирди. Биз бу оғишни сайёрадан бошқа омил билан тушунтиришга уриндик, лекин барибир натижада сайёранинг мавжудлиги кераклиги маълум бўлди. Агар бу тизимнинг шаклланиш жараёнидаги хусусият бўлганида ёки яқинда ўтган юлдуз таъсирида бўлганида, бу оғиш аллақачон йўқолган бўларди”, деди Сираж.
Сираж ва унинг ҳамкасблари компьютер симуляцияларини ўтказди – улар барча маълум сайёраларни ва гипотетик бирини моделга киритди. Параметрларни ўзгартириб борган ҳолда, улар аввалги “Тўққизинчи сайёра” гипотезаси моделга мос келмаслигини аниқлди ва янги сайёра гипотезаси кераклигини тушунди.

“Y сайёраси” эҳтимол Меркурий билан Ер орасидаги массага эга бўлиб, Ер–Қуёш масофасидан тахминан 100–200 баравар узоқда жойлашган ва бошқа сайёраларга нисбатан 10° дан ортиқ оғиш билан айланади”, деди Сираж.
Яққолликка томон
Қуйпер камарини кузатиш жуда қийин бўлгани сабабли, астрономлар у ерда сайёра бор-йўқлигини аниқлаш учун фақат чекланган сондаги жисмларнинг орбиталарини ўрганишга мажбур. Сираж олиб борган тадқиқотда бу жисмлар сони тахминан 50 та атрофида бўлиб, бу “Y сайёраси” мавжудлигини ҳозирча фақат тахмин даражасида қолдиради.
“Бу тахминан 50 та жисм орбитаси асосида ҳисобланганда, статистик аҳамият даражаси 96% – 98% оралиғида. Жуда кучли, лекин ҳали ҳам охирги хулоса учун етарли эмас”, деди у.
Бу каби яна кўп жисмлар Чилидаги Вера Рубин обсерваторияси жориййил кузда асосий миссиясини бошлагандан сўнг аниқланиши кутилмоқда. 2 682 метр баландликда жойлашган телескоп дунёдаги энг йирик рақамли камерага эга бўлиб, ҳар уч кунда бутун осмонни тасвирга олади.
“Бу ҳақиқатан ҳам муҳандисликнинг ажойиб намунаси. Бу бизга коинотнинг гўё кинофильмини кўриш имконини беради, ҳар кадр уч кунлик вақт билан янгиланиб туради. Бу Қуёш тизимини тўлиқ рўйхатдан ўтказиш учун идеал тадқиқот, чунки биз узоқдаги жисмларни, жумладан ҳали топилмаган сайёраларни топиш учун бутун осмонни излашимиз керак”, деди Сираж.
Калифорния технология институти профессори ва “Тўққизинчи сайёра” ҳақида кўплаб тадқиқотлар муаллифи Константин Батигин бу тадқиқотда иштирок этмаган бўлса-да, уни қизиқарли ёндашув деб атади:
“Келгуси йилларда Вера Рубин обсерваторияси ташқи Қуёш тизимининг динамик тузилишини ҳеч қачон бўлмаган даражада аниқлаш имконини беради. Рубин маълумотлари келгандан сўнг, Қуйпер камаридаги оғиш ҳақиқатан ҳам қўшимча сайёраларга ишора қиладими-йўқми, буни аниқ билиб оламиз”, деди у.

Канададаги Регина университети профессори Саманта Лолер тадқиқотни “мавжуд маълумотларни бошқачароқ усулда таҳлил қилган эҳтиёткорона иш” деб баҳолади. У ҳам бу тадқиқотда иштирок этмаган.
“Натижалар қизиқарли, лекин ҳали ҳам аниқ далиллар эмас. Менимча, орбиталарни йиғилишга мажбур қилаётган улкан, узоқдаги сайёра мавжудлигига яхши далил йўқ. Аммо менимча, у ерда баъзи жуда узоқдаги жисмларнинг орбитасини аста-секин оғдириб турган кичикроқ бир жисм мавжудлиги ҳақида умидли далиллар бор”, деди Лолер.
Лолер ҳам Вера Рубин телескопи яқин йилларда минглаб янги Қуйпер камари жисмларини аниқлаб, бу гипотезаларни синовдан ўтказишини тасдиқлади.
Япониянинг Киндай университети профессори Патрик София Лыкавка ҳам тадқиқотда иштирок этмаган бўлса-да, уни “олис Қуйпер камарига қизиқарли назар” деб атади.
“Меркурийдан Ергача бўлган ўлчамдаги сайёра бундай оғишни келтириб чиқариши мумкин деган фикр жуда оқилона. Бу ҳозирда Қуёш тизимининг узоқ чеккаларида ҳали топилмаган сайёра борлиги ҳақидаги гипотезага янада оғирлик беради. Ниҳоят, тадқиқот шуни кўрсатадики, Нептундан ташқари жисмларни, айниқса Қуйпер камаридаги узоқ жисмларни кузатиш жуда муҳим, чунки улар бутун Қуёш тизимининг бир неча миллиард йиллар аввал қандай шаклланганини чуқурроқ тушуниш калитига эга”, деди у.