Ўзбекистонда 1 ойда 80,4 млрд сўмлик ток ва газ ўғирланди
3-саҳифа
−
04 Октябрь 2159 1 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йилнинг сентябрь ойида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишлар оқибатида тизимга 80,4 миллиард сўмлик зарар етказилган. Бу ҳақда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзэнергоинспекция томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари иштирокида сўнгги бир ойда ўтказилган назорат тадбирларида истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган 219 та ҳолат аниқланган. Унга кўра, 33,6 млн кВт⋅соат электр энергияси (52 млрд сўм) ва 9,4 млн метр куб табиий газ (28,3 млрд сўм) талон-торож қилиниши оқибатида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра жами 80 миллиард 473 миллион сўм зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Шунингдек, истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 546 та маъмурий иш расмийлаштирилган. Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг август ойида Ўзбекистонда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида тизимга 86,5 миллиард сўмлик зарар етказилгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, 36,8 млн кВт⋅соат электр энергияси (58,9 млрд сўм) ва 8,7 млн метр куб табиий газ (27,5 млрд сўм) талон-торож қилиниши оқибатида жами 86 миллиард 571 миллион сўм зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган.