Хитойдаги шоуда дронлар назоратдан чиқиб, одамлар устига ёғилди (видео)
Олам
−
04 Октябрь 8314 1 дақиқа
Жорий йилнинг 2 октябрь куни Хитойнинг Хунань провинциясидаги Луян шаҳрида ўтказилган дронлар иштирокидаги байрам салюти томошабинлар учун ҳақиқий фалокат саҳнасига айланди. Ранг-баранг салют ўрнига бирданига осмондан қизиган дронларнинг бўлаклари томошабинлар устига ёғила бошлади, бу эса ўрмон ёнғинига сабаб бўлди. Бу ҳақда NTDTV хабар берди.
Интернетда тарқалган видеоларда даҳшатли манзара яққол кўринади. Ёнаётган парчаларнинг одамлар орасига ва дарахтлар устига тушиши оқибатида тепалик ён бағрида ёнғин чиққан. Кадрларда одамларнинг ваҳимали қичқириқлари эшитилади.
Шунга қарамай, расмийлар ҳодиса оқибатини яширишга уринган. Шоу ўтказилган парк маъмурияти ёнғинни “аҳамятсиз” деб атаб, унинг тезда бартараф этилганини билдирган. Туман ҳокимияти ҳам ҳеч ким жабрланмаганини ва ҳодиса кейинги томошаларга таъсир қилмаслигини маълум қилган.
Аммо воқеа гувоҳлари манзарани бошқача тасвирлаган. Шоуни томоша қилиш учун узоқ йўл босиб келган сайёҳлар ижтимоий тармоқларда ўзларининг даҳшатли таассуротларини бўлишган.
“Луянга йўл босиб келдим, ўша жойда ўзим бўлганман. Ўрмон ёнғини ниҳоятда кучли эди! Бир неча сония ичида у кичик учқундан даҳшатли алангага айланди”, дейди томошабинлардан бири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда авиашоуга тайёргарлик кўраётган иккита учар автомобиль ҳавода тўқнашиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси