АҚШ эронлик расмийларга ЖЧ-2026 қуръаси учун виза бермади

Спорт

image

АҚШ келаси ой бўлиб ўтадиган 2026 йилги Жаҳон чемпионати қуръаси учун Эрондан борадиган 9 кишилик футбол делегациясига кириш визасини бермади. Бу ҳақда Эрон футбол федерациясига таяниб, “Press TV” хабар берди.

Эрон футбол федерацияси матбуот котиби Амир-Меҳди Алавийнинг маълум қилишича, визадан маҳрум этилганлар қаторида федерация президенти Меҳди Тож, Эрон миллий терма жамоаси бош мураббийи Амир Ғаленоий ва яна етти нафар расмий бор. Уларнинг барчаси 5 декабрь куни Вашингтонда ўтказилиши кутилаётган тадбирга бора олмайди.

Алавийнинг сўзларига кўра, Тож бу масала юзасидан FIFA президенти Жанни Инфантино билан боғланган. Натижалар эса кейинги икки ҳафта ичида маълум бўлади. У, шунингдек, АҚШ томонидан визани ҳужжатлар етишмаслиги сабабли рад этилганини инкор этиб, ҳужжатлар ҳали юборилиш жараёнида эканини ва бу жараён эртага, 4 октябрь куни якунланишини айтган.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг июнь ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп 12 мамлакат, жумладан Эрон фуқароларига ҳам тўлиқ саёҳат тақиқини жорий қилувчи фармонга имзо чеккан эди. У 2017 йилда ҳам президентликнинг биринчи муддатида шунга ўхшаш саёҳат тақиқини имзолаган бўлиб, бу ўша пайтда тартибсизлик ва ҳуқуқий баҳсларга сабаб бўлган.

Таъқиқ аллақачон 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олган Эрон миллий терма жамоасининг АҚШ, Канада ва Мексикада ўтадиган мусобақадаги иштирокини хавф остига қўйиши мумкин. Спорт мутахассисларининг фикрича, терма жамоанинг ўзи ва мураббийлар штаби бу борада эҳтимол муаммога дуч келмайди, бироқ Эрон футбол федерациясининг айрим расмийлари, спорт журналистлари ва айниқса, мухлислар учун бу катта тўсиқ бўлади. Шу сабабли федерация ҳеч бўлмаганда Эроннинг ўйинлари АҚШда эмас, Канадада ёки Мексикада ўтказилишига умид қилмоқда.

Маълумки, Эрон ва АҚШ 45 йилдан ортиқ вақт мобайнида дипломатик алоқаларга эга эмас ва сиёсий рақиб сифатида қаралади. Шунга қарамай, АҚШда қарийб икки миллион эронлик яшайди.

Маълумот учун, 2026 йилги FIFA эркаклар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексиканинг 16 шаҳрида ўтказилади. Турнир қуръаси 12 та гуруҳни – ҳар бирида 4 тадан жамоани, шунингдек гуруҳ босқичи қайси шаҳар ва саналарда ўтказилишини аниқлаб беради. Қуръа маросими Вашингтондаги Жон Ф. Кеннеди номидаги Санъат марказида ўтказилади. Унда жамоалар вакиллари, элчилар, мусобақа мезбон шаҳарларидан мухлислар ва жаҳон ОАВ вакиллари иштирок этади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ виза Эрон ЖЧ-2026

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг