Ўзбекистон Тинч океанидаги давлат билан дипломатик алоқа ўрнатди
Жамият
−
26 Сентябрь 2025 3893 1 дақиқа
Ўзбекистон Тинч океанидаги орол давлат – Палау билан дипломатик муносабатлар ўрнатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Палау Давлат вазири Густав Айтаро жаноблари билан учрашишдан мамнунмиз. Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатишга доир тарихий ҳужжат – Қўшма коммюникени имзоладик”, деб ёзди Саидов.
Унинг билдиришича, ушбу муҳим қадам нафақат ўзаро эзгу ниятни ифода этади, балки ҳамкорлик ва шерикликнинг истиқболли келажагига йўл очади.
“Ўзбекистон ва Палау ўртасида янги имкониятларни рўёбга чиқариш ҳамда мустаҳкам ва узоқ муддатли алоқаларни йўлга қўйиш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз”, дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.
Маълумот учун, Палау – Тинч океанининг Филиппин денгизида жойлашган орол давлат ҳисобланади. У Филиппиндан 800 км шарқда ва Индонезиядан шимолда жойлашган. Мамлакат аҳолиси қарийб 21 минг кишини ташкил этади, пойтахти эса Нгерулмуд ҳисобланади.
Қайд этиш жоиз, Палау давлати Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 165-мамлакат саналади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Шарқий Африкада жойлашган Кения мамлакати билан дипломатик алоқа ўрнатгани ҳақида хабар берилган эди.