Инсон органлари олди-сотдиси билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Фарғона, Бухоро, Қашқадарё вилоятида инсон органлари ва тўқималари савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу ҳудудларда яшовчи 12 кишидан иборат жиноий гуруҳ ижтимоий тармоқлар орқали буйрак ва жигар касалликларидан азият чекаётган беморларни топиб ва соғлом фуқароларни мўмай пул эвазига ўз органини сотишга қизиқтириб, чет элдаги танишлари ёрдамида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали уларни гўёки қариндош сифатида кўрсатиб, қўшни давлатларнинг биридаги хусусий клиникада жарроҳлик амалиётларини амалга оширган.

Уюшган жиноий гуруҳнинг 2023-2025 йиллардаги фаолияти давомида 32 беморга буйрак ёки жигар тўқималари кўчириб ўтказилган.

Ўз навбатида, беморлардан олинган катта миқдордаги пул маблағларининг маълум бир қисми операция учун хусусий клиникага ҳамда донорларга берилган, қолгани эса ўзаро тақсимланган.

Шунингдек, жарроҳлик амалиётидан кейин соғлиқларида ижобий ўзгариш бўлмаган беморларга оғриқни қолдириш мақсадида жиноий гуруҳ томонидан кучли таъсир қилувчи дори воситалари қиммат нархларда сотилган.

ДХХга кўра, уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 1331-моддаси (инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 246-моддаси (контрабанда) ва 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Ҳозирда жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун суд органларига юборилган.

“Ҳурматли фуқаролар агарда сиз бундай масалаларда ушбу жиноий гуруҳдан ёки бошқа шахслардан жабр кўрган бўлсангиз энг яқин ички ишлар органларига ёки 102 рақами орқали хабар беришингиз сўралади”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

контрабанда ДХХ гиёвандлик воситалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг