Ўзбекистон қидираётган “Соня” Туркияда ушланди
3-саҳифа
−
22 Сентябрь 12448 1 дақиқа
Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида одам савдоси жиноятини содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган “Соня” лақабли шахс Ўзбекистонга депортация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, 1974 йилда туғилган Р.С. исмли ушбу шахс 2013-2015 йилларда Бангкок шаҳрида фоҳишахона ташкил этиб, ватандош аёлларни юқори даромадли иш ваъдаси билан алдаб, Қозоғистон орқали Таиландга олиб бориб фоҳишалик қилишга мажбурлаган жиноий гуруҳ таркибида фаол иштирок этганликда айбланган.
Мазкур шахснинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ёки унинг қуйи тизимларига, шунингдек, Истанбулдаги Бош консулхонага мурожаат қилиш сўралган.
Шу билан бирга, сўнгги вақтларда фирибгарлик ҳолатлари бўйича мурожаатлар кўпайгани сабабли фуқаролар фирибгарларга алданиб қолмасликка ва огоҳ бўлишга чақирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Интерпол орқали халқаро қидирувда бўлган фуқаролар АҚШ ва Польшадан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди. Улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига етиб келгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга етказиш ва содир этилган жиноятлар учун жавобгарликка тортиш учун Интерпол Миллий марказий бюроси ва республика ички ишлар органлари ходимлари томонидан кутиб олинган.