Трамп айрим ишчилар визаси учун 100 минг долларлик тўлов жорий этди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп юқори малакали хорижий мутахассисларни ёллаш имконини берувчи H-1B визаси дастурини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Фармонга кўра, эндиликда дастурда иштирок этиш учун ариза топширишда 100 минг доллар миқдорида йиғим ундирилади. Агар тўлов амалга оширилмаса, H-1B дастури орқали АҚШга кириш тақиқланади.

Бунгача H-1B дастури бўйича турли йиғимларнинг умумий суммаси тахминан 1500 долларни ташкил этарди. “Bloomberg”нинг ёзишича, янги тўлов мавжуд йиғимларга қўшилади.

Ислоҳотдан энг кўп зарар кўрадиган соҳа технология соҳаси бўлиши кутилмоқда, чунки у H-1B визаларига катта даражада таянади. “Reuters”нинг қайд этишича, ушбу дастур доирасида Америка компаниялари Ҳиндистон ва Хитойдан юқори малакали мутахассисларни жалб қиларди.

Microsoft, JPMorgan ва Amazon компаниялари ходимларига H-1B визалари бўлса, АҚШни тарк этмасликни тавсия қилган. Мамлакат ташқарисига чиққанларга эса имкон қадар тезроқ – жорий йилнинг 21 сентябрида янги қоидалар кучга киришидан олдинроқ қайтиб келишни маслаҳат беришган.

Трампнинг бошқа бир фармонига кўра, хорижий фуқароларга тезлаштирилган тартибда бир миллион доллар эвазига мамлакатда яшаш ҳуқуқини берувчи Trump Gold Card (“Трамп олтин картаси”) тақдим этилади. Беш миллион доллар эвазига эса Trump Platinum Card (“Трамп платин картаси”)ни олиш мумкин бўлади. У АҚШда яшаш ҳуқуқини беради ва эгаларини мамлакат ташқарисида олинган даромадлар учун солиқдан озод этади.

“Reuters”нинг ёзишича, Дональд Трампнинг H-1B визалари қоидаларини кескинлаштириш қарори технологик соҳада катта баҳсларга сабаб бўлмоқда. Бу соҳа Трампнинг Президентлик кампаниясига миллионлаб доллар сармоя киритган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ҳукумати хорижий фуқароларга мамлакатда яшаш ҳуқуқини тезлаштирган тартибда берадиган Trump Gold Card (“Трампнинг олтин картаси”) дастурини ишга туширгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп H-1B визаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг