БМТ Хавфсизлик Кенгаши Эрон устидан санкцияларни тиклашга қарор қилди
Олам
−
20 Сентябрь 2025 2943 2 дақиқа
БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2015 йилда имзоланган ядро қуроли бўйича келишувидан сўнг Эронга нисбатан тўхтатилган санкцияларни қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Буюк Британия, Франция ва Германия Эронга ушбу давлат ҳеч қачон ядро қуролини яратишга, сотиб олишга ёки ишлаб чиқишга интилмаслигини кафолатловчи муҳим келишувни бузиш айбловини қўйган. Уларни АҚШ ва яна олти давлат қўллаб-қувватлаган. Хитой, Покистон ва Россия эса санкцияларни тўхтатиб туришни узайтириш тарафдори бўлган.
Шу тариқа, агар Эрон ва Европа етакчилари жорий йилнинг 26 сентябригача келишувга эриша олмаса, санкциялар яна кучга киради.
“Эрон Ислом Республикаси бу ҳаракатни халқаро ҳуқуқнинг очиқ-ойдин бузилиши ва давом этаётган дипломатик сай-ҳаракатларга жиддий зарба сифатида кўради. Ушбу қадам оқибатлари учун тўлиқ масъулият Қўшма Штатлар ва уч Европа мамлакати зиммасидадир”, дейилади Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.
Хитой ва Россия эса БМТнинг Эронга қарши санкцияларни “қайта тиклашини” ноқонуний деб ҳисоблашини, уларни бажаришдан бош тортишини ва Эрон билан одатдагидек алоқаларни давом эттиришини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон, Россия, Хитой, Венесуэла, Никарагуа ва Беларусь “МАГАТЭ кафолатлари остида бўлган ядро объектлари ва иншоотларига ҳужумнинг барча шаклларини тақиқлаш тўғрисида”ги резолюция лойиҳасини тақдим этганди. Ҳужжат доирасида барча давлатлар бошқа мамлакатлардаги тинч ядро объектларига ҳужум қилиш ёки ҳужум билан таҳдид қилишдан тийилиши керак. Бундан ташқари, барча мамлакатларда “тинч мақсадларда атом энергетикасини ривожлантиришнинг ажралмас ҳуқуқи” ва “ҳар қандай ҳужумга қарши самарали кафолатларга эга бўлиш ҳуқуқи” мавжуд.
Қайд этиш жоиз, Теҳрон ва МАГАТЭ ўртасидаги ҳамкорлик жорий йилнинг июнь ойида Исроил ва Қўшма Штатлар Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфахондаги ядровий майдонларига ҳужум қилган 12 кунлик урушдан кейин тўхтатилган эди. Эрон ҳукумати ядровий иншоотларга қилинган ҳужумларда ҳаракат қилмаётгани учун танқид қилинганидан сўнг, жорий йилнинг 2 июль куни Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён буйруғи билан МАГАТЭ инспекторлари мамлакатдан чиқариб юборилган.
Жорий йилнинг 14 сентябрь куни эса Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгашининг Ядро қўмитаси Қоҳирада мамлакат Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси томонидан имзоланган агентлик билан ҳамкорликни қайта тиклаш бўйича келишувни маъқуллади.
Live
Барчаси