Канада Польшадаги ҳодисадан сўнг Россия элчисини чақиртирди
Олам
−
13 Сентябрь 2025 4190 2 дақиқа
Канада Польшада дронлар билан боғлиқ ҳодисадан сўнг Россия элчисини чақиртирди. Бу ҳақда бугун, 13 сентябрь куни Канада Ташқи ишлар вазири Анита Ананд Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
“Шу ҳафта Канада Россияга НАТО ва Польша ҳаво ҳудудини бузган Россия дронлари босқини муносабати билан мурожаат қилди”, деб ёзди Канада ТИВ раҳбари.
Ананд эълон қилган баёнотда Россия дронлари Польша ҳаво чегарасини бузганида НАТО ҳаво ҳудудини ҳам бузгани қайд этилган.
“Бугун мен НАТО бош котиби Марк Рютте билан суҳбатлашиб, Канаданинг НАТО иттифоқчилари ва Украинага бўлган қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқладим. Канада НАТОнинг “Шарқий қўриқчи” (Eastern Sentry) операциясини олқишлайди, у альянснинг Шарқий қанотида коллектив мудофаани мустаҳкамлайди. Асоссиз бошланган бу урушнинг бошидан буён Канада Украинага 22 миллиард доллардан ортиқ ёрдам кўрсатди (қарзлар, ҳарбий ёрдам, ривожланиш бўйича ёрдам) ва қарийб 4000 нафар шахс ҳамда ташкилотларга санкциялар жорий этди. Ушбу ҳафта содир бўлган дрон ҳодисасидан сўнг, Канада Россия элчисини чақириб, Россияга расмий танбеҳ берди. Канада ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги манфаатларида қисқа ва узоқ муддатларда Украина билан бирдамликда бўлишда давом этади”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 10 сентябрга ўтар кечаси Россия Украинага йирик зарбалар берганида камида 19 та дрон Польша чегарасини кесиб ўтганди. Дронларни тутиб олиш учун Польша самолётларидан ташқари бошқа НАТО давлатларининг қирувчи самолётларидан ҳам фойдаланилган.
Дрон парчалари Беларусь ва Украина билан чегара яқинидаги Вирики қишлоғидаги тураржой биносига зарар етказди, қурбонлар йўқ.
Варшаванинг таъкидлашича, Россия атайлаб Польшага ҳужум қилган ва Варшава Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ НАТО иттифоқчилари билан маслаҳатлашишни талаб қилган.
Live
Барчаси