Марказий осиёликларга Россия фуқаролигини беришни тўхтатиш таклиф қилинди
Олам
−
12 Сентябрь 2025 7230 2 дақиқа
“Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” партияси раиси Сергей Миронов 2030 йилгача Россияга Марказий Осиёдан борган мигрантларга фуқаролик ва яшаш учун рухсатнома беришга мораторий жорий этишга чақирди. Бу ҳақда у “Газета”га берган интервьюсида сўз очди.
Унинг фикрича, мигрантлар оқимининг ортиши Россия миллий хавфсизлигига таҳдид солмоқда.
“Россияга кучсиз назорат қилинаётган мигрантлар оқими тобора ошиб бормоқда. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки олти ойида хорижликларга қарийб 114 мингта меҳнат рухсатномаси берилган, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб ярим баравар кўп. Расмий ҳисоб-китобларга кўра, Россияда 6,5 миллиондан ортиқ мигрант бор ва улардан фақат бир қисми ишлайди. Қолганлари эса ҳеч нарса қилмайдиган, бироқ шифохоналар ва мактаблар каби бизнинг ижтимоий инфратузилмамиздан фойдаланадиган оилалар аъзолари”, дейди Миронов.
Депутатнинг фикрича, бундай вазият Россия миллий хавфсизлиги ва фуқаролар фаровонлигига бевосита таҳдид туғдиради.
“Адолатли Россия” мамлакатдаги миграцияни тартибга солишга ёрдам берадиган бир қатор қонун лойиҳаларини аллақачон Давлат Думасига киритган. Аммо бу қарорлар ҳали қабул қилинмаган. Мен 2030 йилгача Марказий Осиёдан келган мигрантларга фуқаролик ва яшаш учун рухсатнома беришга мораторий жорий этишга чақираман. Фақат шундай йўл билангина биз вазиятни барқарорлаштира оламиз ва бугун мамлакатга чет элликларнинг оммавий келиши туфайли юзага келаётган барча муаммоларни ҳал қиламиз”, дейди Миронов.
Маълумот учун, у 2022 йилнинг апрелида ҳам тожикистонликларга нисбатан шундай мораторий жорий этиш ташаббуси билан чиққан. Ўшанда бу таклиф ҳукуматда ҳам, Думада ҳам қўллаб-қувватланмаган. 2024 йилда эса Миронов яна марказий осиёлик фуқароларга Россия фуқаролигини беришни 2026 йилгача тўхтатишни таклиф қилган, бироқ ташаббус яна рад этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сергей Миронов бошчилигидаги “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” фракцияси депутатлари меҳнат мигрантларига оила аъзоларини Россияга олиб бориш тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Давлат думасига киритгани ҳақида хабар берилган эди. Депутатларнинг фикрича, мамлакатда меҳнат мигрантлари оилаларининг мавжудлиги давлатнинг ижтимоий инфратузилмаси, жумладан, таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш тизимига катта юк бўлишига олиб келади.
Live
Барчаси