3 ойда қанча ҳайдовчи жарима баллари олгани очиқланди
Жамият
−
12 Сентябрь 8316 2 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йилнинг июнь-август ойларида 63 974 нафар ҳайдовчи 1 баллгача жарима баллари олган. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йил 1 июнь – жарима баллари тизими жорий этилганидан бери 3 ойда ҳайдовчилардан:
- 5 баллгача – 4 нафар;
- 4 баллгача – 14 нафар;
- 3 баллгача – 129 нафар;
- 2 баллгача – 4976 нафар;
- 1 баллгача – 63 974 нафар ҳайдовчи жарима бали олган.
Шунингдек, 9 млн 325 минг нафар ҳайдовчи умуман жарима баллари олмаган.
Маълумотларга кўра, 2024 йилнинг июнь-август ойларида 285 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 167 мингта қоидабузарлик аниқланган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қоидабузарликлар 58 фоизга камайганини англатади.
Шунингдек, 2024 йилнинг июнь-август ойларида ҳайдовчиларнинг айби билан 531 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлса, 2025 йилда бу рақам 338 тага тушган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 фоизга камайган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби жорий йил 1 июндан кучга кирганди. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 6 май куни қабул қилинган “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида” қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, жарима баллари ҳайдовчиларга нисбатан фақат ЙПХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган жарималар асосида, автоматлаштирилган тартибда инсон омилисиз E-jarima модули орқали ҳисоблаб борилади.
Автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш мосламалари орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жарима баллари ёзилмайди. Бу масала камералар қайд этган қоидабузарлик вақтида автомобиль рулидаги шахсни идентификация қилиш имконияти яратилганидан кейин кўриб чиқилади – Ички ишлар вазирлиги ҳукуматга бу борада хулоса киритиши керак.
Шунингдек, 12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида кейинги даврда қоидаларни биринчи марта бузганлиги учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди.
Ҳайдовчига жарима балли ёзилганидан кейин у 6 ой давомида бошқа қоидабузарлик содир этмаса, унинг жарима балларидан 2 жарима балли чегириб ташланади.
Ҳайдовчининг ҳисобидаги жарима баллари 12 ой ичида 12 баллга етиб қолса, тегишли ҳужжатлар судга инсон омилисиз, автоматик юборилади ва ҳайдовчи SMS орқали хабардор қилинади. Суд бундай ҳайдовчиларни 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этади.
Қуйида айрим қоидабузарликлар учун бериладиган жарима баллари:

Live
Барчаси