Россия мигрантларга оиласини мамлакатга олиб боришни тақиқламоқчи

Олам

image
Ўзбекистонлик мигрантлар 3 ойда қарийб 5 млрд доллар пул юборди north_east

Ўзбекистонлик мигрантлар 3 ойда қарийб 5 млрд доллар пул юборди

Меҳнат мигрантларига оила аъзоларини Россияга олиб бориш тақиқланиши мумкин. Бу бўйича тегишли қонун лойиҳасини Давлат думасига кеча, 9 сентябрь куни Сергей Миронов бошчилигидаги “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” фракцияси депутатлари киритган эди.

Ташаббус муаллифлари Беларусь фуқаролари ва юқори малакали хорижий мутахассислар учун истисно қилишни таклиф қилмоқда. Ҳужжат думанинг қонунчилик базасида эълон қилинди.

Депутатларнинг фикрича, мамлакатда меҳнат мигрантлари оилаларининг мавжудлиги давлатнинг ижтимоий инфратузилмаси, жумладан, таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш тизимига катта юк бўлишига олиб келади.

“Шу билан бирга, мигрант патентлари бўйича бюджет даромадлари ишламайдиган оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш харажатларини қопламайди, бу эса миграция сиёсатининг ушбу моделини иқтисодий жиҳатдан самарасиз қилади”, дейилади ҳужжатнинг тушунтириш хатида.

Лойиҳа муаллифларига кўра, агар тақиқ қабул қилинса, у ҳолда паст малакали мигрантларнинг оила аъзоларини истисно қилиш орқали мамлакатга миграция оқимини 15–20 фоизга камайтириш мумкин бўлади.

Депутатлар бундай чора миграция сиёсати самарадорлигини яхшилашига ва шу билан бирга федерал бюджет даромадларини оширишига ишонмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат думасига вояга етмаган мигрантларнинг мамлакатга киришини чеклаш бўйича қонун лойиҳаси киритилганди. Ҳужжатда мигрант болаларни ота-онасисиз ёки уларнинг бошқа қонуний вакилларисиз, шунингдек, оиласи томонидан берилган нотариал ишончнома билан бирга келган катталарсиз Россияга киритмаслик таклиф этилмоқда. Муаллифларнинг таъкидлашича, баъзи ўсмирлар мамлакатга ўқиш ёки даволаниш баҳонасида кириб, иш излашга тушади. Бироқ ҳукумат бу ташаббусни “болаларнинг қаровсизлиги муаммосини” ҳал қилмайди, деб ҳисобламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Давлат думаси Сергей Миронов Меҳнат мигрантлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг