Непалда намойишлар вақтида 14 киши ҳалок бўлди
Олам
−
08 Сентябрь 2025 2112 2 дақиқа
Непалда полициянинг намойиш пайтида ўқ узиши оқибатида 14 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда бугун, 8 сентябрь куни шифокорларга таяниб, “The Kathmandu Post” газетаси хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, олдинроқ Непал ҳукумати белгиланган муддатда Алоқа ва ахборот технологиялари вазирлигида рўйхатдан ўтмаган бир қатор йирик ижтимоий тармоқлар фаолиятини тақиқлашга қарор қилган. Тақиққа Meta, Alphabet (YouTube), X (собиқ Twitter), Reddit ва LinkedIn каби платформалар тушган. Непал "Коммунистик" партияси (маоистик марказ)нинг йирик мухолифат партияси бўлган парламентдаги вакили, партия ташкилотчиси Хит Раж Панди бу қарорни қабул қилиб бўлмайди деб баҳолаган ва ижтимоий тармоқлар ёпилиши мамлакатда тартибсизликларга олиб келишидан огоҳлантирган.
Маҳаллий аҳолининг бир қисми ҳукумат ҳаракатларидан норозилик билдириш учун Нью-Банешварда тўпланган. Улар ижтимоий тармоқлардаги чекловлар ва ҳукуматдаги коррупцияга қарши намойиш ўтказган ва полиция томонидан кескин бостирилган.
“Нью-Банешвар туманида намойиш вақтида полиция ўқ отиши оқибатида 14 киши ҳалок бўлди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, 80 дан ортиқ киши жароҳатланган ва зарурий ёрдам олмоқда, камида 10 киши оғир аҳволда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезияда меҳнат шароитлари ва иш ҳақларидан норозилик ортидан намойишлар бошланган эди. Жорий йилнинг 28 август куни полициянинг зирҳли машинаси мототакси ҳайдовчисини уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлганидан сўнг намойишлар янада кучайган. Кейинчалик, 30 август куни йирик шаҳарларда кенг кўламли норозилик намойишлари бўлиб ўтган, оқибатда уч киши ҳалок бўлганди.
Индонезия президенти Прабово Субианто 31 август куни Жакартадаги оммавий намойишлардан сўнг парламент аъзолари учун қўшимча тўловлар ҳақидаги қарорни қайтариб олди ва намойишчиларнинг талабларига қулоқ тутди. Шунингдек, у парламент аъзолари учун чет эл хизмат сафарларига тақиқ жорий қилди.
Live
Барчаси