Тошкентда одамларнинг қарийб 3 млрд сўмини ўғирлаганлар ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида зарарли дастурлар орқали 133 кишининг картасидан қарийб 3 млрд сўмни ўғирлаган шахcлар қўлга тушди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Қайд этилишича, республика бўйлаб эълон қилинган “Хавфсиз кибермакон” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази ҳамда унинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида бир гуруҳ шахслар Android қурилмалари учун яратилган APK кенгайтмали вирусларни фуқароларга юбориб, уларнинг SMS-хабарномалари, қўнғироқлар ҳамда контакт маълумотларини ўзлаштириш билан шуғулланиб келаётгани аниқланган. Тадбирлар давомида ушбу вирусли дастурлар Telegram-гуруҳларига улангани, ушбу гуруҳда 11 нафар турли давлат вакиллари жамлангани ҳамда улар фуқароларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаш билан шуғулланиб келаётгани маълум бўлган.

Тошкент шаҳри ҳудудида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноий гуруҳнинг 5 нафар аъзоси қўлга олинган. Ушбу шахсларнинг яшаш манзиллари ҳамда телефон қурилмалари кўздан кечирилганда, улар 133 нафардан ортиқ фуқародан жами 3 миллиард сўмга яқин пул маблағларини ўғрилик йўллари билан қўлга киритгани аниқланган.

Билдирилишича, ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда қўлга олинган. Ушбу жиноий гуруҳга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича республика бўйлаб тезкор-қидирув тадбирлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат солиқ қўмитаси интернет тармоғида сохта веб-сайт яратилиб, Ўзбекистон фуқароларига 100 млн сўмгача компенсация тўлаб берилиши ҳақида Солиқ қўмитаси раиси номидан тарқалаётган хабарлар юзасидан огоҳлантириш билан чиққан эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент зарарли дастур Хавфсиз кибермакон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг