АҚШ Конгресси Эпштейн иши бўйича ҳужжатлар тўпламини эълон қилди
Олам
−
03 Сентябрь 3398 3 дақиқа
АҚШ Вакиллар палатасининг Назорат ва ҳукумат ислоҳоти қўмитаси молиячи Жеффри Эпштейннинг шов-шувли иши билан боғлиқ минглаб саҳифали ҳужжатларни эълон қилди. Кеча, 2 сентябрь куни Адлия департаменти томонидан юборилган 33 минг саҳифадан ортиқ файллар Вакиллар Палатасининг Назорат ва ҳукумат ислоҳоти қўмитаси сайтига юкланди.
Эпштейн тергови билан боғлиқ минглаб саҳифалар аллақачон нашр этилган.
“Биз бу ҳужжатларни тўлиқ шаффофликни таъминлаш ва Америкадаги ҳамма учун очиқ бўлиши учун юклаяпмиз”, деди қўмита раиси Жеймс Комер.
Унинг сўзларига кўра, қўмита ҳужжатларни юклаш жараёнини имкон қадар тезроқ якунламоқчи. Вакиллар палатаси қўмитаси, шунингдек, Адлия вазирлигидан қўшимча ҳужжатлар олишни кутаётганини айтди.
“Айни пайтда қурбонларнинг шахсини ҳимоя қилиш ва болалар жинсий зўравонлиги билан боғлиқ барча материалларни олиб ташлаш масаласи кўриб чиқилмоқда”, дея таъкидлайди у.
Айни пайтда Демократик партиядан Назорат қўмитаси аъзоси Роберт Гарсия Эпштейн иши бўйича ҳужжатларнинг чоп этилишини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, уларнинг аксарияти аллақачон жамоатчиликка маълум.
“Вакиллар палатаси республикачилари аллақачон оммавий бўлган ҳужжатларни нашр этиш орқали томоша уюштиришга ҳаракат қилмоқда”, деди у.
“Politico” нашр этилган ҳужжатларни Вакиллар палатаси демократлари томонидан берилган биринчи баҳога таяниб таъкидлаганидек, уларнинг атиги 3 фоизида Эпштейн иши бўйича янги тафсилотлар мавжуд. Аввалроқ Вакиллар палатаси қўмитаси АҚШ Адлия вазирлигидан 2019 йилда вояга етмаганларни жинсий алоқа қилишда айбланган ва қамоқхона камерасида ўз жонига қасд қилган Эпштейн иши бўйича ҳужжатларни чоп этишни сўраган эди.
Унинг иши бўйича биринчи ҳужжатлар тўплами август ойи бошида эълон қилинган.
Шу билан бирга, манбаларга таяниб, “Bloomberg” АҚШ Федерал қидирув бюроси ҳужжатларни таҳрир қилиб, мамлакат Президенти Дональд Трамп ва бошқа таниқли шахсларнинг исмларини яширганини ёзди. “Bloomberg” манбаларига кўра, АҚШнинг амалдаги Президентининг исми Эпштейн файлларида яширинган, чунки 2006 йилда молиячига нисбатан федерал тергов бошланганида Дональд Трамп мансабдор шахс бўлмаган. Таҳрирлаш “Ахборот эркинлиги тўғрисида”ги қонундан иккита истиснога асосланган эди. Улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳужжатлардаги одамларни ва уларнинг шахсий маълумотларини “шахсий ҳаётга асоссиз тажовуз”дан ҳимоя қилади.
Агентликнинг ёзишича, бу АҚШ расмийлари учун, ҳатто жамоат арбоблари билан боғлиқ ишларда ҳам одатий ҳолдир.
Дональд Трамп Жеффри Эпштейн билан таниш бўлган ва ўлимидан сўнг у молиячи вояга етмаганларни жинсий алоқа қилиш учун “қарзга берган” мижозлар рўйхатини сақлаб қолгани ҳақидаги назарияни қайта-қайта билдирган. Трампга кўра, бу рўйхатга демократлар ҳам кириши мумкин эди. У президентликка қайтганидан кейин рўйхатни эълон қилишга ваъда берди. Бироқ яқинда Трамп маъмурияти бу рўйхат аслида мавжуд эмаслигини айтди ва бу унинг энг содиқ тарафдорлари томонидан АҚШ раҳбарининг танқид қилинишига сабаб бўлди.
Live
Барчаси