Ўлими ортидан “Green Card” тўхтатилган Муҳаммадазиз кейси ҳақида нималар маълум?

Таҳлил

image

2025 йил 13 декабрда АҚШнинг Род-Айленд штати, Провиденс шаҳрида жойлашган Браун университетида оммавий отишма содир бўлди. Бу воқеа кузги семестрнинг якуний имтиҳонлари ҳафтасининг иккинчи кунида юз берган. Қуролланган шахс Муҳандислик мактаби биносига кириб, якуний имтиҳонларга тайёргарлик учун ўтказилаётган такрор машғулот вақтида икки нафар талабани ўлдирди ва яна тўққиз нафар талабани яралади.

Браун университетидаги отишмада икки киши ҳалок бўлди, тўққиз киши яраланди. Барча жабрланувчилар Браун университети талабалари эди. Ҳалок бўлганлар – Алабама штатининг Бирмингем шаҳридан, Браун университети Коллеж республикачилари клуби вице-президенти Элла Кук ҳамда яқинда Виржиния штати Честерфилд округида жойлашган Мидлотиан ўрта мактабини битирган ўзбекистонлик 2007 йилда туғилган, биокимё ва нейробиология йўналишларида икки мутахассисликни биргаликда ўқиётган Мухаммадазиз Умурзоқов эди. Браун университети Кук ва Умурзоқовнинг вафотини расман тасдиқлади ҳамда баҳорги семестрда талабалар қайтганидан сўнг уларни хотирлаш бўйича режалар эълон қилинишини билдирди.

Яраланган тўққиз нафар кишининг барчаси ўқ отиш оқибатидаги жароҳатлар билан университетга қарашли Род-Айленд шифохонасига етказилди. Улардан бирига шрапнель теккан бўлиб, бир неча соатдан сўнг уйига жавоб берилди. Яна икки нафар жабрланувчи 16 ва 17 декабрь кунлари шифохонадан чиқарилди. Қолган олти нафар 18 декабрь ҳолатига кўра ҳали шифохонада қолган, аммо уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланган.

Ушбу фожиа ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги ваколатхоналари вакиллари марҳумнинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб, АҚШнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда барча масалалар юзасидан яқиндан иш олиб бораётгани маълум қилинди.

GoFundMe сайтида марҳум учун хайрия акцияси бошланиб, юридик масалалар ва жаноза тадбирлари билан боғлиқ харажатлар учун бугунги кунга қадар 511 359 АҚШ доллари йиғилди.

Муҳаммадазизнинг оиласи 2011 йилда Бруклиндан Мидлошенга кўчиб ўтган. Улар бундан икки йил аввал Ўзбекистондан АҚШга кўчиб бориб, кейинчалик АҚШ фуқаролигини олган. Онаси ҳамшира, отаси эса юк ташиш компанияси эгаси. Воқеадан бир неча соат олдин Муҳаммадазизнинг ота-онаси узоқ йиллик тайёргарликдан сўнг Саудия Арабистонига Умра сафарига йўл олган эди. Улар Мисрда қўниб ўтиши вақтида қизлари уларга укалари бедарак йўқолганини айтишган, Саудия Арабистонига етиб боргач эса унинг вафот этганини маълум қилишган.

Умурзоқовнинг оила аъзолари ва дўстлари уни тиришқоқ, меҳрибон ва бошқаларни қўллаб-қувватлашга доим тайёр инсон сифатида таърифлашган. Муҳаммадазиз Мидлотҳиан ўрта мактабида аъло баҳога ўқиган, БМТ Модели, викториналар ва дебатларда фаол қатнашган. У болалигида мия операциясини бошдан кечирган, бу эса унда мия жарроҳи бўлиш орзусини янада мустаҳкамлаган. Йигит университетга стипендия асосида қабул қилинган ва ёзда ноутбук сотиб олиш учун Wawa дўконида ишлаган. 

“У ҳеч қандай қўшимча репетиторсиз ҳаммасига ўзи эришди. Бу кузда Браун университетига боришдан жуда хурсанд эди. “Бу ҳаётимдаги энг яхши йил”, дерди. Бу жуда адолатсиздек туюлади. У шунча ҳаракат қилди, шунча қийинчиликлардан ўтди, охири эса шундай бўлди”, деди марҳумнинг 22 ёшли опаси Руҳсора Умурзоқова.

QALAMPIR.UZ билан суҳбатлашган марҳумнинг поччаси у ўткир ақли, меҳрибонлиги ва бошқаларга ёрдам беришга доим тайёрлиги билан қадрли, камтар ва очиқкўнгил инсон бўлиб, атрофдагилар томонидан чуқур ҳурматга сазовор бўлганини айтди.

“Муҳаммадазиз иқтидорли талаба, севимли ўғил, ука ва дўст сифатида хотираларимизда қолади”, дейди Муҳаммадазизнинг поччаси Ҳолматжон Кенжаев.

Шунингдек, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. 

“13 декабрь куни Браун университети талабаси Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг фожиали вафот этгани ҳақидаги хабарлар мени чуқур қайғуга солди. Биз Умурзоқовнинг оила аъзолари, дўстлари ва курсдошларига самимий ҳамдардлик билдирамиз ҳамда унинг порлоқ орзулари амалга ошмай қолганидан чексиз қайғудамиз”, дейди Ҳеник.

Ушбу ҳолат ортидан АҚШдаги Америка-Ўзбекистон Ассоциацияси Виржиния штатидан сайланган сенаторлар ва Конгресс аъзоларига қуролли зўравонликка қарши қатъий қонунчилик чораларини кўришга чақириб мактуб юборди. Мактубда Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг ўлдирилиши билан боғлиқ фожиа АҚШдаги сон-саноқсиз мактаб ва университетлардаги отишмалар, ибодатхоналарга уюштирилган ҳужумлар қаторига қўшилгани, Виржинияда ва бутун Қўшма Штатлар бўйлаб яшовчи, кўплари Виржиния резиденти, сайловчи ва солиқ тўловчи бўлган америкалик ўзбек оилаларнинг тобора кўпайиб бораётган овозлари акс этиши қайд этилган. Шу билан бирга, унда ҳамдардлик ва дуо қанчалик самимий бўлмасин, амалий чоралар ўрнини боса олмаслиги ёзилган. Билдирилишича, талабалар, ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва бегуноҳ жамоа аъзоларининг узлуксиз ҳалок бўлиши тизимли муваффақиятсизликни кўрсатмоқда. Бошқа ривожланган давлатларда қурол зўравонлиги бундай миқёсда ва тез-тез учрамайди. Фарқ – сиёсатда.

“Биз бу мурожаатни Браун университетидаги отишма қурбонлари, жумладан, ёш ўзбекистонлик талаба ва Виржиния резиденти Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг хотирасига бағишлаб, бутун мамлакат бўйлаб қуролли зўравонликдан жабр кўрган оилалар билан бирдамликда ёздик. Бизнинг мурожаатимиз америкалик ўзбек оилалар ҳамда мактаблар, жамоат жойлари ва хонадонлар хавфсизлиги ҳақида қайғураётган барча ота-оналарнинг ташвишини акс эттиради. Ҳар бир бундай воқеа оғриқли ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: Америкадаги оммавий отишмалар энди камёб ҳолат эмас. Бу – тизимли муаммо. Ота-оналар энди фақат мактаб ва университетлар ҳақида эмас, балки жамоат жойлари, ҳатто ўз уйларининг хавфсизлиги ҳақида ҳам қайғурмоқда. Биз сизларни ҳурмат билан, аммо қатъий тарзда далилларга асосланган, қатъий қурол назорати чораларини қонунчилик даражасида жорий этишга чақирамиз”, дейилади ҳамжамият хатида.

Отишмадан кейинги тонгда, Провиденс полициясидан олинган маълумотларга асосан, ФҚБ Род-Айленддаги бир меҳмонхонани тинтув қилди ва бир кишини қўлга олди. Шунингдек, бошқа штатдаги бир уйда ҳам тинтув ўтказилди. ФҚБ бу рейдлар юзасидан изоҳ беришдан бош тортди, ушлаб турилган шахс эса шу куниёқ қўйиб юборилди. Род-Айленд бош прокурори Питер Неронҳа “уни иш бўйича гумонланувчи шахс деб ҳисоблаш учун ҳеч қандай асос йўқ”лигини айтди. Жиноят жойидан олинган далиллар ушлаб турилган шахс қўлида бўлган қуролга тўғри келмади. 

15 декабрь куни Провиденс полицияси гумонланувчининг суратлари ва яна учта видеони эълон қилди. Видеолардан бирида у қора шапка, ниқоб, яшил куртка ва қора қўлқопда тасвирланган. Провиденс полицияси бошлиғи полковник Оскар Переснинг айтишича, ўт очган одам 9 мм калибрли қуролдан фойдаланган. ФҚБ жиноятчи ҳақида маълумот учун 50 минг доллар мукофот эълон қилди.

17 декабрь куни Провиденс полицияси отишма куни гумонланувчи қайси ҳудудларда бўлганини кўрсатувчи кўча харитасини эълон қилди. Шу куни ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноят жойидаги гильзаларда ДНК ва бармоқ излари топилганини ҳам маълум қилди.

18 декабрь куни манбалар отишма 15 декабрь куни MIT профессори Нуно Лурейрунинг Бруклайнда ўлдирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтди. Шу куни, Браун иши бўйича ҳибсга олиш ордери билан полиция Нью-Ҳэмпшир штати, Салем шаҳридаги омборхонага кириб, у ерда 48 ёшли португалиялик Клаудио Мануэл Невеш-Валентени ўлик ҳолда топди. Унинг ёнидан иккита қурол чиқди. Тахминларга кўра, у ўз жонига қасд қилган.

Клаудио Мануэл Невеш Валенте (1977 — тахм. 2025 йил 18 декабрь) — Португалия фуқароси бўлиб, у 2000–2001 йилларда Браун университетида физика бўйича PhD дастурида таҳсил олган. Валенте 1990-йилларнинг охирида Лурейру билан бир хил — Лиссабондаги Instituto Superior Técnico олийгоҳида ўқиган. Унинг жиноий ўтмиши бўлмаган. 2025 йил 28 ноябрдан бошлаб у Браун кампусида бир неча бор кўринган ва баъзи одамлар уни шубҳали деб ҳисоблаган.

Браун университети ва MIT’да содир этилган отишмалар фонида АҚШ Президенти Дональд Трамп 18 декабрь куни “грин карта” лотерея дастурини тўхтатди. Трамп топшириғига биноан, АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) мазкур дастурни вақтинча тўхтатган. Қарор Браун университетида отишма содир этганликда гумонланган шахс ушбу дастур орқали мамлакатга келгани сабабли қабул қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Green Card Браун университети Мухаммадазиз Умурзоқов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг