Моди Путин билан машинада музокара ўтказди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди бугун, 1 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида учрашди. Музокаралар бошланишидан олдин етакчилар Россия делегацияси қароргоҳига Aurus автомобилида бирга борди ва машина ичида ҳам суҳбатлашди.

Путин ва Моди дастлаб ШҲТ саммитида бирга қатнашган, кейин эса Ritz-Carlton меҳмонхонасидаги қароргоҳга Россия етакчисининг машинасида етиб борди. Бироқ қароргоҳга етиб келгач, раҳбарлар машинадан тушмади ва суҳбатни бевосита унинг кабинасида давом эттирди.

“Улар машинада кетаётганда гаплашишган, кейин суҳбатни машинада давом эттиришган, ҳозир эса делегацияга қўшилишдан олдин ҳам шундай музокараларни давом эттиришмоқда”, деди Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Кейинроқ етакчилар делегация олдига чиқиб, қароргоҳда режалаштирилган музокараларни бошлади. Суҳбатни бошлар экан, Путин учрашув ШҲТ саммити – тенг ва ажралмас хавфсизликни яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштирувчи ташкилот – “бир четида” ўтаётганини рамзий маъно деб атади. У икки давлат ўртасидаги муносабатлар алоҳида имтиёзли стратегик шериклик даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, савдо ҳамкорлиги ижобий динамика кўрсатаётгани, туризм алмашинуви йўлга қўйилганини қайд этди.

“Биз халқаро майдонда саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштирмоқдамиз”, дея давом этди Путин.

Унинг сўзларига кўра, жорий учрашув турли йўналишларда кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш учун яхши имкониятдир. Россия етакчиси суҳбатдошига мурожаат қилар экан, уни “азиз дўстим” деб атади. Моди ҳам худди шундай жавоб қайтарди. У Путин билан учрашувларнинг ўзига хос муҳитига эътибор қаратди, бу эса етакчиларга турли масалалар юзасидан фикр алмашиш имконини беради.

Моди Путинга унинг ташрифи Ҳиндистонда интиқлик билан кутилаётганини айтди. Бош вазир Ҳиндистон ва Россия энг оғир шароитларда ҳам доим елкама-элка олдинга интилиб келганини эслатди. Унинг фикрича, икки давлат ўртасидаги яқин ҳамкорлик глобал барқарорликни таъминлашда катта аҳамиятга эга.

“Биз мунтазам равишда Украинадаги можаро масаласи бўйича фикр алмашамиз”, деб давом этди Моди ва Ҳиндистон томони тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни олқишлашини қўшимча қилди. У буни “бутун инсониятнинг чақируви” деб атади.

Маълумот учун, ШҲТ саммити 31 августдан 1 сентябргача Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда 20 дан ортиқ давлат раҳбарлари ва 10 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда. Саммит якунида ҳамкорлик бўйича 15 та янги ҳужжат имзоланди. ШҲТ 2001 йил 15 июнда Шанхайда ташкил топган. Дастлаб у олтита давлат – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган бўлса, 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон, 2023 йилда Эрон, 2024 йилда Беларусь ташкилотга аъзо бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Ҳиндистон ШҲТ Нарендра Моди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг