Ким Украинада ҳалок бўлган аскарларнинг оилаларига “ажойиб ҳаёт”ни ваъда қилди
Олам
−
31 Август 19475 4 дақиқа
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россия томонида Украинага қарши жангларда ҳалок бўлган аскарларнинг оилалари билан учрашди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Учрашувда у марҳум аскарларнинг оилаларига “чиройли ҳаёт” беришни ваъда қилди. Қайд этилишича, Ким Чен Ин ҳалок бўлган аскарларнинг оила аъзоларини қабул қилиб, унинг сўзларига кўра, “мамлакат шаънини ҳимоя қилиш” йўлида ўз жонларини фидо қилган марҳумларнинг “қимматли ҳаётини сақлаб қола олмагани учун ҳамдардлик билдирган”.
Унинг қўшимча қилишича, аскар ва офицерларнинг “қаҳрамонликлари” уларга “дунёдаги энг матонатли, ватанпарвар ва адолатпарвар инсонлар” бўлган оила аъзолари томонидан берилган куч ва жасорат туфайли амалга оширилган.
“КХДР сизни шаҳидлар ҳаёти билан ҳимояланган мамлакатда ажойиб ҳаёт билан таъминлайди”, деди Ким Чен Ин.
Шимолий Корея давлат телевидениеси Кимнинг оила аъзоларига чуқур таъзим қилганини кўрсатди. Шунингдек, 30 август куни телевидение аскарларнинг “Курскни озод қилиш операцияси”да қатнашаётгани тасвирланган 25 дақиқалик ҳужжатли фильмни намойиш қилди. Фильмда айтилишича, Ким ўтган йилнинг август ойида қўшинларни Россияга кўчириш тўғрисида қарор қабул қилган ва бу қарор Путин билан ўзаро мудофаа шартномасини ўз ичига олган хавфсизлик шартномасини имзолаганидан икки ой ўтгач, биринчи марта амалга оширилган.
Жанубий Корея қонунчиларининг разведка маълумотларига таяниб берган ҳисоб-китобларига кўра, Россияга ёрдам бериш учун юборилган жами 15 мингга яқин аскардан 600 га яқин Шимолий Корея аскари Украинага қарши урушда ҳалок бўлган. Ғарб разведкаси ҳисоб-китобларига кўра, йўқотишлар 6000 кишидан ошган.
“The Wall Street Journal”нинг ёзишича, Шимолий Кореянинг бир неча ҳарбий қўмондонлари яқинда Россиядан қайтди, бу эса КХДРнинг Украинага қарши урушдаги иштирокини қисқартиришини англатиши мумкин. Шунингдек, у эҳтимолий тинчлик музокараларидаги аҳамиятини сусайтириши мумкин.
“Daily Star”нинг ёзишича, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашиш учун яна 100 минггача аскар юбориши мумкин.
Россиянинг Украинага қарши уруши фонида Москва ва Пхеньян ҳамкорликни фаол ривожлантира бошлади. 2025 йил апрелида аввалига Россия, кейин эса КХДР ҳарбий хизматчилари Россия Федерациясининг Курск вилоятида Украина Қуролли кучлари билан жангларда иштирок этишини ошкора тасдиқлади.
Ўшанда Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, КХДР Россия Федерациясига камида 11 минг аскар юборган, улардан 4 мингдан ортиғи ҳалок бўлган ёки яраланган. Бундан ташқари, Жанубий Корея ва бир қатор Ғарб давлатлари разведка хизматлари маълумотларига кўра, Шимолий Корея Россияга артиллерия снарядлари ва ракеталарини етказиб беради, Москва Украинага ҳужум қилиш учун улардан фойдаланади. Бунинг эвазига Пхеньян, эҳтимол, Россия Федерациясидан техник маслаҳатлар олади, жумладан сунъий йўлдошларни учириш бўйича.
2024 йилнинг 19 июнь куни Владимир Путиннинг Пхеньянга ташрифи чоғида мамлакатлар стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган бўлиб, унга кўра, улардан бирига ҳужум қилинган тақдирда бир-бирига ҳарбий ёрдам кўрсатишга ваъда берган эди.
2025 йилнинг 12 июль куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Шимолий Кореянинг Вонсан шаҳрида КХДР Ташқи ишлар вазири Чой Сон Хи билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича баёнот берди, ундан хулоса қилиш мумкинки, Москва КХДР қўшинларини Украина ҳудудига юборишга рухсат беради.
Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин жорий йилнинг 20 август куни Россиянинг Курск вилоятида Украина қуролли кучларига қарши ҳарбий амалиётларда қатнашган ва давлат мукофотларини олиш учун уйига қайтган “Корея халқ армиясининг хориждаги оператив кучларининг етакчи қўмондонлари”ни қабул қилганди. Унда Ким “Энг содиқ афсонавий ҳарбий жасоратлари билан ватан ишончини оқлаган Курск вилоятини озод қилиш операциясида бўлинмаларнинг барча қўмондонлари ва жангчиларига самимий ҳарбий саломлар етказишни сўраган”. Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, КХДР армиясининг Курск вилоятидаги ҳарбий амалиётлари “дунёдаги энг кучлиси сифатида унинг номи ва шуҳратини таъминлади ва ғалабага олиб келди”. 22 август куни Ким Чен Ин Курск вилоятида ҳарбий амалиётларда қатнашган Шимолий Корея халқ армияси аскар ва қўмондонларини мукофотлаш маросимида иштирок этди.
Live
Барчаси