Ҳиндистонда 4 қаватли уй қулаб тушди. 15 киши ҳалок бўлди
Олам
−
29 Август 2025 2060 1 дақиқа
Ҳиндистонда қўлбола тарзда қурилган тўрт қаватли тураржой мажмуаси қулаб тушиши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда кеча, 28 август куни PTI хабар берди.
Ҳодиса 28 августга ўтар кечаси тахминан соат 00:05 да Вирар туманида (Палгар округи, Махараштра штати) содир бўлган. Қурилишига рухсат берилмаган, қарийб 50 та квартирага мўлжалланган бино ёнидаги бўш кўп қаватли уй устига қулаб тушган.
Гувоҳларнинг айтишича, ҳалок бўлганларнинг аксарияти тўртинчи қаватда бир ёшли қизчанинг туғилган куни муносабати билан ўтказилаётган базмда бўлган. Ана шу пайтда бинонинг бир томони қулаб тушган.
Палгар округи бошқармаси раҳбари Инду Рани Жахар қурбонлар сони 15 кишига етганини тасдиқлаган. Унинг қўшимча қилишича, табиий офатларга қарши миллий тезкор кучлар бошқа қутқарув хизматлари билан ҳамкорликда вайроналарни тозалаш ишларини давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Астрахань шаҳрида кўп қаватли уйнинг кириш қисми қулаб тушганди. Ҳодиса оқибатида камида уч киши жароҳатланган. Бинодан 22 киши эвакуация қилинган.
Live
Барчаси