Польша Президенти украиналикларга ёрдам тўғрисидаги қонунга вето қўйди

Олам

image

Польша Президенти Кароль Навроцкий Украина фуқароларига ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунга киритилган нафақа тўлаш ва вақтинчалик ҳимоя мақомини узайтиришни назарда тутувчи тузатишларга вето қўйди. Бу ҳақда кеча, 25 август куни “Rzeczpospolita” хабар берди.

Ҳужжатга кўра, қочқинларнинг вақтинчалик ҳимоя ва ижтимоий имтиёзларга, жумладан, вояга етмаган болалар учун шартсиз нафақа ҳамда бепул тиббий хизматга бўлган ҳуқуқи 2026 йил мартигача узайтирилиши керак эди. Қонун кучга кирмаса, бу имтиёзлар жорий йилнинг 30 сентябридан тўхтайди.

Навроцкийнинг билдиришича, Польша украиналик қочқинлар учун очиқ бўлиб қолмоқда, бироқ 2022 йилдан буён вазият ўзгарган, шу сабабли қонунчиликни мослаштириш зарур. Хусусан, у нафақаларни ва бепул тиббий хизматни фақат ишлаётган украиналиклар учун қолдиришни таклиф қилмоқда.

Президент ветосидан сўнг Бош вазир ўринбосари Кшиштоф Гавковский бу қарор Украина томонидан Starlink тизимидан фойдаланишга хавф туғдиришини айтди. Польша украин армияси учун сунъий йўлдош алоқасини молиялаштираётган энг йирик донорларидан бири бўлиб, бу тўлов айнан шу қонун билан тартибга солинади. Гавковскийнинг айтишича, жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб Украина Қуролли кучларида Starlink билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин. 

Маълумот учун, сўнгги ойлар давомида кўплаб Европа давлатлари украиналик қочқинларга ёрдамни камайтиришга қарор қилмоқда. Германияда жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб мамлакатга янги келган украиналикларга камроқ ижтимоий нафақа берилмоқда. Словакияда 2025 йил февралидан қочқинларнинг бошпана муддатлари ва молиявий ёрдами қисқартирилган. Чехияда эса бепул гуманитар тураржой муддати беш ойдан уч ойгача қисқартирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи 2025 йилнинг дастлабки 7 ойи давомида Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромад ҳисобидан Украинага 10,1 миллиард евро ўтказгани хабар қилинган эди. Хусусан, январда Киев 3 миллиард евро, апрелда 3,1 миллиард евро, март, май, июнь ва июль ойларида эса ҳар сафар 1 миллиард евродан олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Польша Кароль Навроцкий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг