Собиқ Мудофаа вазири ўринбосарининг порахўрлиги бўйича тергов якунланди

Олам

image

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси терговчилари фирибгарлик, порахўрлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланаётган Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Павел Поповга нисбатан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини якунлади. Бу ҳақда Қўмита расмий вакили Светлана Петренко маълум қилди

“Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Бош ҳарбий тергов бошқармаси Россия Федерацияси Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Павел Поповга нисбатан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини якунлади. У Жиноят кодексининг 290-моддаси 6-қисми, 159-моддаси 4-қисми, 292-моддаси 2-қисми, 286-моддаси 3-қисми ва 222-моддаси 1-қисмида назарда тутилган – пора олиш, фирибгарлик, ноқонуний қурол сақлаш, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш жиноятларни содир этганликда айбланмоқда”, дейди Петренко. 

Тергов шуни кўрсатдики, 2022-2024 йилларда Попов, шунингдек, Инновацион ривожланиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Владимир Шестеров ва "Патриот" ҳарбий-ватанпарварлик маданият ва истироҳат боғи директори Вячеслав Аҳмедовлар "Патриот" боғида қурилиш ишларини олиб борганлиги тўғрисида маълумот киритиш орқали кўп миллион долларлик бюджет маблағларини ўзлаштиришга йўл қўйган.  

Тергов маълумотларига кўра, Попов 2014-2024 йилларда “Бамстройпуть” МЧЖ бош директоридан қурилиш ишлари давомида умумий ҳомийлик учун умумий миқдори 45 миллион рублдан ортиқ пора ҳам олган. Бундан ташқари, тергов материалларига кўра, Попов 2020-2024 йилларда “Патриот” ҳарбий-ватанпарварлик маданият ва истироҳат боғи ходимларини ноқонуний равишда ишга жойлаштирган ва ўз хизмат вазифаларидан озод қилган ва бу билан давлатга 8 миллион рублдан ортиқ миқдорда зарар етказган. 

“Жарима, юзага келиши мумкин бўлган фуқаролик даъвоси ва бошқа мол-мулк ундириш бўйича жазони таъминлаш учун судланувчининг 100 миллион рублдан ортиқ мол-мулки хатланди. Россия Тергов қўмитаси Бош ҳарбий тергов бошқармаси терговчисининг илтимосига биноан суд Поповга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади”, дея қўшимча қилди Петренко. 

Унинг сўзларига кўра, жиноят иши доирасида Поповнинг уйи кўздан кечирилиб, у ерда ноқонуний сақланаётган ўқотар қурол ва ўқ-дорилар олинган. Гувоҳлар сўроқ қилинган, юзма-юз келтириш ва кўрсатувларни жойида текшириш ўтказилган. Буюмлар ва ҳужжатлар текширилган, суд-тиббиёт экспертизаси хулосалари олинган, Поповнинг айбини тўлиқ тасдиқловчи рад этиб бўлмайдиган далиллар тўпланган. 

Аҳмедов ва Шестеров судгача ҳамкорлик шартномаси тузган. Суд Аҳмедовни беш йилга, Шестеровни олти йилга озодликдан маҳрум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Россия Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Павел Попов 2024 йилнинг август ойида фирибгарликда гумон қилиниб, ҳибсга олинди.

Маълумот учун, Павел Попов 2008 йилдан 2013 йилгача Россия ФВВ бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 2013 йилда Мудофаа вазирлигига ишга ўтди ва Сергей Шойгунинг ёрдамчиси бўлди. 2013 йил 7 ноябрдан 2024 йилнинг 17 июнига қадар Мудофаа вазирининг ўринбосари лавозимини эгаллаган. 2020 йилдан бери Александр Навалнийнинг заҳарланиши муносабати билан унга Европа Иттифоқи давлатлари, Буюк Британия, АҚШ, Канада ва бошқа давлатлар санкциялари қўйилган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Павел Попов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг