Бўкада экскаватор 12,5 мингта хонадонни газсиз қолдирди (видео)
3-саҳифа
−
19 Август 5035 1 дақиқа
Кеча, 18 август куни Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги юқори босимли газ қувурига экскаваторнинг шикаст етказиши оқибатида туманда табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, соат 21:40 да Бўка тумани ҳудудидан ўтган ерости юқори босимли газ қувурига экскаватор томонидан шикаст етказилган. Оқибатда тумандаги барча истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилган. Маълумотларга кўра, бу ердаги аҳоли хонадонлари сони 12 512 та, улгуржи истеъмолчилар сони 267 та.
Билдирилишича, ҳозирда газ таъминоти ходимлари томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Таъмирлаш ишлари якунлангач, табиий газ таъминоти қайта тикланади.
“Ҳурматли истеъмолчилар, газ узилиши вақтида хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишингизни, газ жиҳозларига эътиборли бўлишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги юқори босимли газ қувурига юк машинасининг урилиши оқибатида газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилганди. Оқибатда “Боғбон” МФЙдаги 300 та хонадон, “Арғин” МФЙдаги 400 та хонадон ва 15 та улгуржи истеъмолчиларда газ таъминоти вақтинча тўхтатилган.