Трамп Зеленскийга хавфсизлик кафолатини ваъда берди
Олам
−
13 Август 2025 7436 2 дақиқа
Бугун, 13 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Европа етакчилари билан видеоконференциядан сўнг, Трамп Россия билан мумкин бўлган тинчлик келишуви доирасида Киевга хавфсизлик кафолатларини беришга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда Германия канцлери Фридрих Мерц ва Зеленский ўтказган матбуот анжуманида сўз очди.
Зеленский уч томонлама музокараларга тайёргарлик зарурлигини таъкидлаган ва Россия Украинани Европа Иттифоқи ёки НАТОга қўшилишига вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги кераклигини билдирган. У, шунингдек, музокара жараёнини Россияга босим билан бирлаштириш зарурлигини, яъни Россияга қарши санкцияларни сақлаб қолишни қўшимча қилган.
Зеленский Донецк вилоятидан Украина Қуролли кучларини олиб чиқиш бўйича позицияси ўзгармаганини айтиб, Киев ўз ҳудудларини Москвага бермаслигини билдирган. У Европа етакчиларига Путин тинчлик эмас, балки босиб олишни истаётганини айтган ва Аляскадаги асосий мавзу оташкесим бўлишига умид билдирган. Барча ҳудудий масалалар фақат етакчилар даражасида, Украина иштирокида ҳал қилиниши лозимлигини таъкидлаган.
Франция Президенти Эммануэль Макрон Трампнинг Путин билан учрашувда Украинада оташкесимга эришишни мақсад қилганини айтган. Макроннинг сўзларига кўра, ҳудудий масалалар ҳам фақат Украина иштирокида муҳокама қилинади. Учрашув иштирокчилари ҳар қандай ҳудудий келишувлар Киевга хавфсизлик кафолатлари билан боғлиқ бўлиши кераклигини очиқ айтган.
Германия канцлери Фридрих Мерц Европа позициясини эълон қилиб, Украина музокараларда тенг қатнашиши, аввал оташкесим, кейин ҳудудий масалалар муҳокама қилиниши, Россиянинг ҳудудий босқинларини ҳуқуқий тан олиш мумкин эмаслигини билдирган. У хавфсизлик кафолатлари мустаҳкам ва узоқ муддатли бўлиши, Украина армияси жанговар тайёргарлигини сақлаши, музокаралар умумий трансатлантик стратегияга мос келиши ва агар оташкесим муваффақиятсиз тугаса, санкциялар кучайтирилиши кераклигини таъкидлаган.
Мерцнинг айтишича, Аляскадаги учрашувда Европа ва Украинанинг асосий хавфсизлик манфаатлари муҳокама қилинади, Трамп Путин билан учрашувдан сўнг Зеленский ва Европа етакчиларига хабар беради.
Дональд Трамп ва Владимир Путин учрашуви 15 август куни Аляскада бўлиб ўтади. Унда Зеленский ёки Европа вакиллари қатнашмайди, аммо Трамп учрашувдан сўнг Украина ва Европа етакчилари билан онлайн маслаҳатлашади.
“Sky News” маълумотига кўра, Европа иттифоқчилари тўлиқ оташкесимга эришилса, Россияга қарши санкцияларни босқичма-босқич юмшатиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бироқ келишув бузилса, чекловлар дарҳол қайта жорий этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украина Россия билан ҳаво ҳужумларини тўхтатиш бўйича сулҳни муҳокама қилишга тайёр эканини билдирганди.
Live
Барчаси