Туркия Исроилни Суриядаги ишларга аралашмасликка чақирди

Олам

image

Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Нуҳ Йилмаз Сурияда зўравонликни камайтиришни давом эттириш ва Исроил ҳарбий ҳужумларини тўхтатишни талаб қилди. Бу ҳақда у кеча, 28 июль куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида сўз очди.

Унга кўра, Исроил томонидан Сурия ерларига қилинган ҳар қандай зўравонликнинг олдини олиш муҳимдир. 

“Эндиликда зўравонликни камайтиришни давом эттириш, Исроил томонидан ҳар қандай тажовузларнинг олдини олиш, Сурия ҳукуматининг Сувайдада тинчликни тиклаш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва тинч аҳоли орасидаги қурбонларнинг кўпайишини тўхтатиш муҳимдир”, деган Ташқи ишлар вазири ўринбосари. 

Унинг айтишича, Сувайдадаги араблар, айрим друзлар ва қабилавий кучлар ўртасидаги тўқнашувлар Исроил томонидан Дамашқдаги ҳарбий объектлар ва инфратузилмаларни нишонга олиш учун баҳона сифатида ишлатилган. У Президент саройи ва Мудофаа вазирлигига қилинган ҳужумлар Исроилнинг қонун, тартиб ва давлат суверенитетини менсимаганини яққол кўрсатганини билдирган. Йилмазга кўра, бу ҳолат АҚШ ва бошқа давлатлар билан биргаликдаги саъй-ҳаракатлар эвазига қисман яхшиланган.

Шунингдек, у Суриядаги айрим кучлар, жумладан Сурия демократик кучлари, Сувайдадаги тўқнашувлардан нотўғри хулоса чиқариб, мамлакатни парчалашга уриниши мумкинлигидан огоҳлантирган. 

Қолаверса, Йилмаз 2024 йилнинг декабрида Асад режими қулаганидан буён Сурияда “сезиларли ютуқлар” қўлга киритилганини таъкидлаган. Унинг айтишича, янги ҳукумат “инклюзив сиёсий ўтиш жараёни ва миллий ярашув”ни бошлаган ва жамиятнинг барча қатламларини тенг фуқаролик асосида бирлаштириш йўлида ҳаракат қилмоқда.

Суриядаги жанглар 

16 июль куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Дамашқ ва унинг атрофидаги стратегик нишонларга зарба берди, хусусан, Сурия армияси Бош штаб мажмуаси ва Абу Руммана кварталидаги Президент саройига зарбалар берилди. 17 июль куни мамлакат шимоли-ғарбидаги Бзамилдаги 132-мотоўқчилар бригадаси базаси ва Жабледаги 107-зирҳли бригада базасига ҳаво ҳужумлари уюштирилди.

23 июль куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари тушдан кейин марказий Хомс вилоятидаги Сурия қуролли кучларининг омборларига зарба берди. Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац ҳукумат қўшинлари друзлар яшайдиган республика жанубидаги Сувайда шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудлардан олиб чиқилмаса, Исроил Сурияга зарба беришда давом этиши ҳақида огоҳлантирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Туркия Исроил Сувайда

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг