Санкт-Петербургда мигрантларга таксичилик қилиш тақиқланди
Олам
−
29 Июль 3561 2 дақиқа
Россиянинг йирик шаҳарларидан бири бўлган Санкт-Петербургда таксопаркларга патент асосида фаолият юритадиган чет элликларни ишга олиш тақиқланди. Бу ҳақда шаҳар матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, тақиқ “Россия Федерациясидаги хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Федерал қонунининг 18.1-моддаси 6-бандига мувофиқ, айнан “енгил автомобиллар таксиси ва ҳайдовчиси билан ижарага олинган енгил автомобиллар” соҳасига нисбатан жорий йил охиригача жорий этилган.
“Қарор таксичилик соҳасида хизматлар сифати ва хавфсизлигини ошириш ҳамда Россия Федерацияси фуқаролари учун қўшимча иш ўринлари яратишга қаратилган. Амалдаги меҳнат муносабатларини якунлаш ва ўз фаолиятини амалга ошириш учун янги ходимларни жалб қилиш имконини берувчи 3 ойлик ўтиш даври назарда тутилган”, дейилади шаҳар губернатори фармойишида.
Қарор эълон қилингандан 10 кун ўтиб кучга киради.
Маълумот учун, Россияда чет эл фуқаросининг патенти – бу мамлакат ҳудудида қонуний ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатдир. Уни Россия билан визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқаролари расмийлаштириши лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думаси депутатлари мигрантларнинг хорижга юборадиган пул маблағларига чеклов қўйишни таклиф қилганди. Ушбу таклифга кўра, агар мигрант ўз расмий даромадидан ортиқча миқдорда пул жўнатмоқчи бўлса, у даромадларини тасдиқловчи молиявий декларацияни тақдим этиши лозим бўлади. Ҳозирги кунда амалдаги қонунчиликда бундай чекловлар мавжуд эмас ва пул ўтказмалари устидан назорат қилинмайди.
Live
Барчаси