ИИО пенсионерлари “участкавой”ларга ёрдам беришга жалб қилинади

Жамият

image

Тошкент ва Фарғона вилоятларида криминоген вазияти оғир маҳаллалар учун ички ишлар органлари профилактика соҳасида кўп йиллик амалий тажриба ва самарали натижаларга эга пенсионерлар шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилинади. Бу ҳақда Ички ишлар вазири тегишли буйруқ чиқарди.

Вазирнинг ушбу буйруғи Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ–3413-сонли “Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан чиқарилган.

Унга кўра, ИИО пенсионерлари шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига ихтиёрий тартибда, ички ишлар органлари томонидан танлов асосида жалб қилинади. Уларнинг сони чекланмайди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш бўйича танловни ўтказиш вақтида пенсионерларга жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, қариндошларида судланганликнинг мавжудлиги, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек уларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирон-бир тўғридан тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш, худди шунингдек имтиёзлар бериш камситиш деб ҳисобланади ва бунга йўл қўйилмайди.

Танлов ушбу икки вилоятда ИИБ раҳбари томонидан тасдиқланган криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг рўйхатидан келиб чиққан ҳолда йилда камида бир марта ўтказилиши мумкин.

Қуйидагилар пенсионерни шартнома асосида жалб қилиш учун монелик қилувчи омиллар ҳисобланади:

  • қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган бўлиши;
  • суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилиши;
  • психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган бўлиши;
  • пенсионерда унга юклатилган вазифаларни ўташга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар мавжуд бўлиши;
  • шахсий ва ишчанлик сифатлари бўйича шартномада кўрсатилган мажбуриятларни бажаришга қодир эмаслиги;
  • ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалий тажрибага, шунингдек, ички ишлар органларида камида 5 йиллик амалий иш стажига эга бўлмаслик.

Профилактика инспектори томонидан шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилинган пенсионер бажарган ишларга оид далолатнома расмийлаштириб борилади. Бунда профилактика инспектори томонидан ушбу далолатнома ҳар ой якунида Тошкент вилояти ИИББ ва Фарғона вилояти ИИБнинг молиявий таъминот хизматига тақдим этилади. Далолатномаларнинг расмийлаштирилиши ва уларга оид маълумотларнинг тўғрилиги ҳамда ҳаққонийлиги учун профилактика инспектори жавобгар ҳисобланади. Шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилинган пенсионерларга ҳақ тўлаш тақдим этилган далолатномаларга асосан уларга тўланаётган пенсиясининг 100 фоизи миқдорда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ривожлантириш жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Яъни шу пайтгача олаётган пенсия суммасига яна шунча миқдорда пул қўшилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда криминоген вазият оғир ҳудудлардаги профилактика бўлинмаларида маъмурий амалиёт гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилиши хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Фарғона криминоген вазият ИИО пенсионерлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг