7 ойда 3 суиқасд. Аш-Шара қандай омон қолди?
Олам
−
23 Июль 9513 1 дақиқа
Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара сўнгги етти ой ичида учта суиқасд нишонига айланди. Бу ҳақда “Yedioth Ahronoth” хабар берди.
Қайд этилишича, Туркия хавфсизлик кучларининг аралашуви туфайли суиқасдлардан бирининг олди олинган.
Исроил матбуотига кўра, Дамашқдаги Қаср аш-Шаб саройи яқинида биринчи суиқасд уюштирилган. Туркия махфий хизматларининг тезкор жавоби туфайли гумондорлар зарарсизлантирилган.
Иккинчи суиқасд Иордания билан чегарага яқин Дара шаҳри ҳудудида режаланган эди, у ерда Аҳмад аш-Шара ташрифи чоғида минтақада икки гумонланувчи аниқланган. Сурия ва Туркия хавфсизлик кучларининг биргаликдаги ҳаракатлари билан Аш-Шаранинг йўналишини ўзгартириш орқали ҳужумнинг олдини олинган. Бу воқеа махфийлигича қолдирилган.
Учинчи ва энг жиддий суиқасд Дамашқда Сурия раҳбарининг мунтазам маршрутида қуролли пистирма шаклида уюштирилган. Туркия ва маҳаллий разведка ходимлари ҳужумга тайёргарликни вақтида аниқлаб, режани барбод қилган.
Исроил ва араб манбаларининг таъкидлашича, Аҳмад аш-Шара ваҳима қўзғашнинг олдини олиш ва мухолифларнинг воқеалардан ўз мақсадларида фойдаланишига йўл қўймаслик учун суиқасд уринишлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмасликни буюрган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара друзлар ва бадавийлар ўртасидаги шиддатли тўқнашувлар давлат аралашуви туфайли назорат остига олинганини айтганди.
Live
Барчаси