Россия-Украина музокараларининг 3-раунди тахминий санаси айтилди
Олам
−
21 Июль 2025 4244 2 дақиқа
Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг учинчи босқичи Туркиянинг Истанбул шаҳрида жорий йилнинг 23 ёки 24 июль кунлари бўлиб ўтиши мумкин. Бу ҳақда “Independent” газетаси дипломатик манбаларга таяниб хабар берди.
Нашрнинг хабар беришича, бўлажак учрашув “чекланган масалалар бўйича техник музокаралар” форматида бўлади. Томонлар гуманитар ёрдам, маҳбуслар алмашинуви, инфратузилма хавфсизлиги, чегараларни ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда. Делегацияларнинг ўтказиладиган жойи, вақти ва таркиби ҳақидаги маълумотлар ҳозирча ошкор этилмаган.
Россия ва Украина вакиллари аввалроқ Истанбулда икки марта – 16 май ва 2 июнь кунлари учрашган. Учрашувлар давомида томонлар маҳбусларни алмашиш, шунингдек, вазиятни ҳал қилиш бўйича меморандумлар версияларини алмашиш бўйича келишувга эришган.
Июнь ойи охирида Россия ҳукумати музокараларнинг янги босқичига тайёрлигини тасдиқлади. Россия Президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, 19 июнь куни Президент ёрдамчиси ва Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский Киев вакили билан гаплашган.
Украина шу ҳафта янги йиғилиш ўтказишни таклиф қилди. Украина Президенти Владимир Зеленский аввалги учрашувларда эришилган маҳбусларни алмашиш келишувлари амалга оширилгандан сўнг кейинги музокаралар бўлиши мумкинлигини айтди.
Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги аноним манбага таяниб, Москва ва Киев ўртасидаги музокараларнинг янги раундининг санаси ҳали ҳам келишиб олинаётгани ва ўз вақтида эълон қилинишини хабар қилди.
Эслатиб ўтамиз, Россия ва Украина ўртасида олиб борилаётган музокараларнинг иккинчи босқичи Истанбул шаҳрининг Чираған саройида 2 июнь куни бўлиб ўтганди.
Live
Барчаси