Ягона ечим Исроилнинг Ғазодан чиқиб кетиши – Маҳмуд Аббос

Олам

image

Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блэр билан учрашув чоғида Ғазодаги вазиятнинг ягона ечими Исроил қўшинларининг босиб олинган ҳудудлардан тўлиқ олиб чиқилиши эканини айтди. Бу ҳақда Фаластиннинг WAFA расмий агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашув Иордания пойтахти Амманда бўлиб ўтган. Томонлар Фаластин ҳудудларидаги сўнгги воқеаларни муҳокама қилган.

“Тезроқ ўт очишни тўхтатишни таъминлаш, барча исроиллик маҳбуслар ва фаластинлик асирларни озод қилиш, Ғазо секторига зудлик билан инсонпарварлик ёрдамини етказиш зарур. Ғазо учун ягона ечим – Исроилнинг тўлиқ чиқиб кетиши. Фаластин давлати халқаро ҳамжамият кўмагида минтақа учун тўлиқ масъулиятни ўз зиммасига олиши керак”, деган Аббос.


Аббос, шунингдек, ҲАМАСни Фаластин расмий маъмуриятига қурол топширишга ва “Фаластин озодлик ташкилотининг халқаро қонунийликка мос келадиган сиёсий дастури доирасида ҳаракат қилишга” чақирди.

Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар

АҚШ Президенти Дональд Трамп аввалроқ Исроил Ғазода 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича таклиф қилинган шартларга рози бўлганини айтган эди. Қатар ва Миср воситачилигида қилинган таклиф ҲАМАСга топширилди.

Бунга жавобан ҲАМАС воситачиларга ўт очишни тўхтатиш ташаббусига “ижобий қараши”ни айтди ва келишувни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди.

Бироқ Исроил расмийлари ҲАМАС томонидан Қатар таклифига киритилган ўзгартиришларни қабул қилиб бўлмас деб атади. Шунга қарамай, Исроил делегацияси музокараларда иштирок этиш учун Қатар пойтахти Доҳага жўнаб кетди.

Хабарларга кўра, келишмовчиликларнинг аксарияти бартараф этилган, бироқ асосий муаммо Исроилнинг Рафаҳ ва Хон Юнус ўртасидаги Моран йўлагида, шунингдек, Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳнинг ўзида ишғолни давом эттириш талаби бўлиб қолмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Буюк Британия Дональд Трамп Қатар Фаластин Исроил Маҳмуд Аббос Ғазо ҲАМАС Рафаҳ Хон Юнус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг