Россия Киевга зарба берди. Қурбонлар бор

Олам

image

Россия Қуролли кучлари Украина пойтахти Киевга дронлар ва ракеталар ёрдамида зарба берди. Ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда бугун, 10 июль куни шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко маълум қилди.

Киев мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, 16 киши жароҳат олган, улардан 10 нафари шифохонага ётқизилган. Ткаченконинг сўзларига кўра, Киевнинг Шевченко туманида дрон турар-жой биноси томига қулаган. Кличко эса бинога парчаларнинг қулаганини, юқори қаватда ёнғин чиққанини билдирган.

Тимур Ткаченконинг билдиришича, ҳужум оқибатида Киевда турар-жой бинолари, омборхоналар, офис ва нотурар объектлар ҳамда ёнилғи қуйиш шохобчаларида ёнғинлар юзага келган. Шунингдек, бир қатор автомобиллар шикастланган.

Кличконинг айтишича, Киевнинг Подол туманида Россия ҳужуми оқибатида 1-сонли Бирламчи тиббий ёрдам марказининг амбулатор бўлими деярли тўлиқ вайрон қилинган. Украина ОАВ хабарига кўра, Киевда кетма-кет портлашлардан кейин шаҳарни тутун қоплаган.

Россия қўшинлари Киев вилоятини ҳам дрон ва ракеталар билан нишонга олган. Обухов тумани аҳолиси орасида бир киши яраланган, у шифохонага ётқизилган. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Николай Калашникнинг билдиришича, тўрт туман зарба оқибатида зарар кўрган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг Луцк шаҳри Россиянинг дрон ва ракеталаридан энг йирик ҳужумга учрагани хабар қилинганди. Оқибатида гаражларга зарар етказилган ва корхоналардан бирининг ҳудудида ёнғин келиб чиққан. Қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Киев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг