Ўлим ва вайроналарга қарамай, ғазоликлар Трампнинг кўчириш режасини рад этмоқда

Олам

image

45 ёшли фаластинлик Мансур Абу ал-Хаир Ғазога назар ташлаган сари, деярли икки йил давом этган уруш оқибатида юзага келган ўлим ва вайронгарчиликни кўради. Бу ҳақда у “Reuters” билан суҳбатда сўз очган.

Исроилнинг ҳаво ҳужумлари ва оғир бомбардимонлари фаластинликларнинг ҳаётини парчалаб ташлаган бўлса-да, Абу ал-Хаир ва бошқалар АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Исроил қўллаб-қувватлаган Ғазо аҳолисини – 2,3 миллион кишини – кўчириш бўйича режасини қатъий рад этмоқда.

“Бу бизнинг еримиз. Биз уни кимга қолдирамиз? Қайси томонга кета оламиз?” дейди техник мутахассис Абу ал-Хаир.

Кеча, 7 июль куни Оқ уйда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни қабул қилган Трамп фаластинликларни Ғазо соҳилидан кўчиришга қаратилган низоли ташаббус бўйича “атрофдаги давлатлар томонидан катта ҳамкорлик” мавжудлигини айтди. Нетаньяху эса журналистларга шундай деди: 

“Агар одамлар қолмоқчи бўлса – қолсин. Лекин агар кетмоқчи бўлса, кетиш ҳуқуқи бўлиши керак. Бу ҳибсхона бўлмаслиги керак, очиқ жой бўлиши ва одамларга эркин танлаш имконияти берилиши лозим. Биз АҚШ билан яқин ҳамкорликда фаолият юритяпмиз. Ҳар доим фаластинликларга яхшироқ келажак беришни истаганини айтган мамлакатларни излаяпмиз. Менимча, биз бир неча давлатни топишга яқинмиз”, деди у.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича расмийси Равина Шамдасани эса Женевадаги матбуот анжуманида ғазоликларни кўчириш режасини қоралади.

“Мажбурий кўчириш билан боғлиқ жиддий хавотирлар мавжуд. Бу каби вазиятда ихтиёрий кўчиш тушунчасининг ўзи жуда шубҳали”, деди у.

2025 йил январь ойида президентлик лавозимини қайта эгаллаганидан беш кун ўтиб, Трамп Иордания ва Мисрни Ғазодан фаластинликларни қабул қилишга чақирган ва буни узоқ муддатли ечим сифатида кўрсатган. Лекин Қоҳира ва Амман бу “Ғазони Яқин Шарқ Ривьерасига айлантириш” ғоясини тезда рад этди. Фаластинликлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари буни этник тозалаш деб баҳолади.

27 ёшли ғазолик Саид эса Трамп ва Нетаньяхунинг Ғазо аҳолисини кўчириш ҳақида яна гапиргани ҳақидаги хабар билан уйғонганидан безовта бўлганини айтади. Уруш, кўчиш ва йўқотишларга қарамай, у Ғазони – 1948 йилда Исроил тузилганидан сўнг юз минглаб қочқинларни қабул қилган ва бугунги кунда ҳам аҳоли зич жойлашган кичик ҳудудни – ўз уйи деб ҳисоблайди.

“Биз ўз хоҳишимиз билан кетиш, бошқа давлатларга саёҳат қилиш ҳуқуқига эгамиз. Аммо мажбурий кўчириш режасини, фаластинликлар сифатида, рад этамиз”, дейди Саид.

Фаластинликлар анчадан бери Ғарбий Шериа, Ғазо ва Шарқий Қуддусда мустақил давлат тузишни орзу қилиб келади. Бу орзу АҚШ орқали олиб борилган тинчлик музокараларида асосий масала ҳисобланади.

Накба такрорланиши хавфи

Кўплаб фаластинликлар Исроилни уларнинг давлат тузиш имкониятларини қасддан бузишда айблайди – жумладан, Ғарбий Шериада ноқонуний манзилгоҳлар қурилиши ва Ғазодаги кенг кўламли вайрона учун. Исроил эса бу айбловларни рад этади ва ўзини “экстремист гуруҳлар билан курашяпти”, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, яҳудий давлати Ғарбий Шериада тарихий ва диний ҳуқуқлари борлигини иддао қилади.

Кўчириш – фаластинликлар учун энг оғриқли мавзулардан бири. Улар 1948 йилда юз берган Накба фожиаси – Исроил ташкил топиши ортидан юз минглаб фаластинликлар ўз уйларидан ҳайдалиши – яна бир бор такрорланишидан хавотирда.

Накба воқеаси 75 йилдан ортиқ вақт мобайнида фаластинлик миллий шахсиятини шакллантирган асосий тарихий жараёнлардан бири ҳисобланади ва Исроил билан муносабатларда доимий соя солиб келмоқда.

Фаластин сиёсий ва ижтимоий тадқиқот маркази маълумотларига кўра эса, доимий ҳаво ҳужумлари ва озиқ-овқат, ёнилғи, дори-дармон ҳамда сув етишмовчилиги ортидан, айрим фаластинликлар чиқиш йўлини изламоқда.

“Ғазо аҳолисининг қарийб ярми агар имкони бўлса, ҳудудни тарк этишни истайди”, дейилади 2025 йил май ойида чоп этилган ҳисоботда. 

“Reuters” томонидан ўрганиб чиқилган ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган мунозарали ёрдам гуруҳи номини олган таклифда Фаластин аҳолисини жойлаштириш учун Ғазо ичида ва эҳтимол унинг ташқарисида “Гуманитар транзит ҳудудлари” деб номланган кенг кўламли лагерлар қуриш режаси тасвирланган.

Бироқ Ғазолик Абу Самир ал-Фақавийнинг фикри аниқ:

“Мен Ғазони тарк этмайман. Бу – менинг Ватаним.

Бу ерда болаларимиз шаҳид бўлган. Оиламиз, дўстларимиз, қариндошларимиз шу ерда ётибди. Трампга ҳам, Нетаньяхуга ҳам ёқсин-ёқмасин – биз бу ерда қоламиз”.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бери Исроилнинг ҳужумлари 57 000 нафардан ортиқ фаластинликнинг ҳаётига зомин бўлган


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Ғазо Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг