ҲАМАС ва Исроил музокаралари ҳали бошланмади – Қатар
Олам
−
08 Июль 1653 2 дақиқа
Қатар пойтахтида бўлиб турган Исроил ва ҲАМАС ҳаракати вакиллари Ғазо секторидаги можарони ҳал қилиш бўйича музокараларни ҳали бошламади. Бу ҳақда Қатар Бош вазири маслаҳатчиси, ТИВ расмий вакили Мажид бин Муҳаммад ал-Ансорий маълум қилди.
“Биринчидан, иккала делегация ҳам Доҳада. Биз улар билан бўлажак музокаралар доираси ҳақида алоҳида гаплашяпмиз. Шундай қилиб, музокараларнинг ўзи ҳали бошланмаган”, деди у брифингда.
Унинг айтишича, келишувга эришиш вақт талаб этади ва Доҳадаги музокараларни якунлаш учун аниқ муддатни айтиш қийин.
“Ҳозирча вақт оралиғини айта олмайман деб ўйлайман, лекин ҳозир айтишим мумкинки, бунинг учун бизга вақт керак бўлади. Бу жараён вақт талаб этади”, деди у Исроил ва ҲАМАС янги келишув шартлари бўйича келишиб олишлари керак бўлган муддат борми, деган саволга жавоб берар экан.
Шунингдек, Қатар вакили музокаралар жараёнини баҳолашга ҳали эрта эканини, воситачилар ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш устида ишлаётганини айтди.
“Биз айтишимиз мумкин бўлган ягона нарса шундаки, иккала томон ҳам [жараёнда] иштирок этмоқда. Биз ҳар икки томон билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Шубҳасиз, бизнинг вазифамиз улар ўртасидаги нозик масалалар бўйича келишмовчиликларни бартараф этишдир”, деди ал-Ансорий.
Унинг сўзларига кўра, музокаралар жараёни доирасида томонларнинг ҳар бири билан позицияларни аниқлаштириш бўйича маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда.
“Биз асосий масалалар бўйича келишувларга эришиш орқали тегишли шарт-шароитлар яратишга ҳаракат қилмоқдамиз”, деди Қатар ТИВ вакили.
Унинг таъкидлашича, Қатар ва Миср музокарачилар гуруҳлари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича бўлажак музокаралар учун пойдевор қўйиш мақсадида Доҳада кечаю кундуз ишламоқда.
6 июль куни ҲАМАС ва Исроил Миср, Қатар ва АҚШ воситачилигида Доҳада Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва анклавда гаровга олинган исроилликларни озод қилиш бўйича келишувга эришишга қаратилган музокара жараёнини қайта бошлади. Манбаларнинг кеча, 7 июль куни “Al Arabiya” телеканалига маълум қилишича, маслаҳатлашувлар ижобий муҳитда ўтмоқда, бироқ ҳозирча ҳеч қандай ютуқлар йўқ.
“Reuters” хабарига кўра, Исроилнинг Ғазо секторига гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз ва хавфсиз киришини таъминлашдан бош тортиши музокаралардаги асосий муаммоли масала ҳисобланади.