Грузия маъмурияти Саакашвилини афв этишни рад этди
Олам
−
07 Июль 4254 2 дақиқа
Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг мухолифат етакчиларини маҳаллий сайловларда иштирок этиши эвазига афв этиш таклифи собиқ давлат раҳбари Михаил Саакашвилига тааллуқли эмас. Бу ҳақда Грузия парламенти раиси Шалва Папуашвили маълум қилди.
Спикернинг фикрича, бу истиснонинг асосий сабаби собиқ президентнинг Украина фуқароси экани. Папуашвилининг тушунтиришича, шу инобатга олинса, Саакашвилининг сайловлардаги иштироки ноқонуний ва ҳатто собиқ президентнинг сиёсий мавзудаги баёнотлари ҳам “чет эл аралашуви” ҳисобланади.
“Йўқ, албатта, бу таклиф Украина фуқароларига тааллуқли эмас. Таклиф Грузия конституцияси ва қонунларни атайлаб бузган бир неча сиёсатчиларга тегишли”, деди Папуашвили.
Михаил Саакашвили Грузияни 2013 йилда, президентлик муддати тугаганидан кейин тарк этган. Шундан сўнг ватанида унга нисбатан тўртта жиноий иш очилган. Улардан иккитасида собиқ президент сиртдан уч ва олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
2025 йил 12 мартда суд Саакашвилини 3,2 миллион доллардан ортиқ давлат маблағини ўзлаштирганликда айбдор деб топди ва уни 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.
Ҳозирда Саакашвилига қарши 2007 йил 7 ноябрдаги мухолифат митингини тарқатиш ва Грузиянинг “Имеди” телекомпанияси офисини йўқ қилиш билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилмоқда.
2022 йилнинг май ойида, узоқ давом этган очлик эълонидан сўнг соғлиғи ёмонлашгани сабабли сиёсатчи қамоқхонадан Тбилисидаги хусусий клиникага кўчирилди ва шу кунгача ўша ерда қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Грузияда 8 та мухолифат партияси маҳаллий ҳокимият органлари сайловларида иштирок этмаслигини эълон қилганди. Улар маҳаллий сайловларни “ноқонуний тузумни легитимлаштириш воситаси” деб атаб, унга қарши курашни давом эттиришга ваъда берган.
Live
Барчаси