Қирғизистон Ўзбекистондан йирик ер участкаларини давлат мулкига қабул қилди

Олам

image

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Ўш вилоятидаги Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасида Ўзбекистон томонидан Қирғизистон фойдасига топширилган икки ер участкасини давлат мулкига қабул қилиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.

Қайд этилишича, биринчи участка 100 гектар майдонга эга бўлиб, Қорасув туманида 312/4 ва 312/6 чегара пунктлари орасида жойлашган. Иккинчи участка 198,44 гектарни ташкил этиб, Араван туманида 324 ва 328-пунктлар орасида жойлашган.

Мазкур қарорлар 2022 йил 3 ноябрь куни Бишкекда имзоланган “Қирғиз Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида айрим давлат чегараси участкалари тўғрисидаги келишув”ни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни амалга ошириш доирасида қабул қилинган.

Қирғизистоннинг Ер ресурслари, кадастр, геодезия ва картография бўйича давлат агентлиги Ўш вилоятидаги Президент вакили билан ҳамкорликда бир ой ичида ушбу ер участкаларини инвентаризация қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади.

Қорасув ва Араван туманлари маъмуриятларига ушбу ер участкаларини мутасадди қишлоқ (айил) округлари – Қорасув ва Керметоога фойдаланишига бепул бериш ҳамда уларни мақсадли ишлатилишини таъминлаш вазифаси юклатилган. Қарорни амалга ошириш бўйича тадбирлар маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

Шунингдек, давлат чегарасининг демаркацияси якунлангач, янги маъмурий чегаралар харитаси тайёрланади ва ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилади.

Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Президент Администрацияси ҳузуридаги Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг бажарилишини назорат қилиш бошқармасига юклатилган.

Қарор етти кундан сўнг кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўзбек-қирғиз чегарасининг айрим участкалари бўйича келишув имзолаган эди.

Таъкидлаш жоиз, келишувга мувофиқ Ўзбекистон ўз ҳудудига Андижон (Кампиробод) сув омборининг 4957 гектарини ҳамда тўғонни сақлаш ва муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектарни олади. Қирғизистон компенсация сифатида 1019 гектар яйловни олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон ўзбек-қирғиз чегараси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг