Расман: Қозоғистонда юзни беркитадиган кийим кийиш тақиқланди
Олам
−
01 Июль 1876 1 дақиқа
Қозоғистонда жамоат жойларида одамнинг юзини таниб олишни қийинлаштирадиган кийим кийиш тақиқланди. Шуни назарда тутувчи қонун кеча, 30 июнь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан имзоланди.
Тақиқ ниқоб – мусулмон аёлларнинг юзини ёпиб турувчи, кўзлари учун тор тирқишли бош кийимлари кийишга ҳам тааллуқли бўлади.
Қонун матнига кўра, истисно хизмат вазифаларини бажариш, тиббий сабабларга кўра, ноқулай об-ҳаво шароитидан ҳимоя қилиш, фуқаролик мудофааси мақсадларида, шунингдек, спорт ва маданий тадбирларда қатнашаётганда юзларини ёпиш ҳолатларига нисбатан қўлланилади.
“Курсив” нашрининг аниқлик киритишича, Президент Тўқаев аввалроқ юзни ёпиш ўрнига миллий ўзликни таъкидлайдиган кийим кийишни тарғиб қилган.
Қайд этиш жоиз, жамоат жойларида юзни беркитувчи диний кийим – ниқаб ва бурқа кийиш Европа Иттифоқининг бир қатор мамлакатларида, хусусан, Франция, Дания, Нидерландияда, шунингдек, бир қатор бошқа мамлакатларда, масалан, Шри-Ланкада тақиқланган. Қирғизистонда, Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам шундай қонун бор.
Маълумот учун, Ўзбекистонда жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсиб юрган шахсга нисбатан БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима қўлланилиши белгиланган. Ушбу ҳолатда тиббий рухсатнома мавжудлиги, ходимнинг иши ушбу вазиятни тақозо этиши каби баъзи истиснолар мавжуд.
Live
Барчаси