Тожикистондаги даҳшатли аварияда ўзбекистонлик ака-ука ҳалок бўлди
Олам
−
30 Июнь 18578 2 дақиқа
Жорий йилнинг 28 июнь куни Тожикистондаги даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 7 киши ҳалок бўлди, яна уч киши тан жароҳати олди. Ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонлик ака-ука ҳам бор. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида Тожикистоннинг Истиқбол шаҳридан беш нафар фуқаро бўлиб, улар бир оиланинг аъзолари бўлган, шунингдек, Ўзбекистон фуқароси бўлган икки ака-ука ҳам бор. Сўғд вилояти ИИВ бошқармасининг аниқлик киритишича, қурбонлар орасида вояга етмаганлар ҳам мавжуд.
Қайд этилишича, автоҳалокат Душанбе – Хўжанд – Чаноқ автомобиль йўлининг Дадабой Ҳолматов қишлоқ жамотида содир бўлган. Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги Volkswagen автомобили Масчоҳ туманида яшовчи шахс бошқарган Toyota автомобили билан тўқнашган. Шундан сўнг Volkswagen йўлдан чиқиб кетиб, хўжандлик фуқаро бошқарган Mercedes автомобили билан иккинчи тўқнашувни содир этган.
Фожиа оқибатида 7 йўловчи, жумладан, Ўзбекистон фуқароси бўлган ака-ука ҳодиса жойида ҳалок бўлган, яна уч киши тан жароҳати олган. Жароҳатланганлар орасида Volkswagen ҳайдовчиси, яна бир Ўзбекистон фуқароси, ҳамда Масчоҳ туманидан бўлган икки нафар йўловчи бўлиб, (улардан бири вояга етмаган) шифохонага ётқизилган. Уларнинг соғлиғининг ҳолати ҳозирча номаълум.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Ўзбекистон фуқароси йўл-транспорт ҳодисасига учраб комага тушиб қолганди. Жабрланувчи Миллий шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Live
Барчаси