Россиянинг Суми вилоятидаги ҳужуми тўхтатилди – Сирский
Олам
−
26 Июнь 7125 2 дақиқа
Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Александр Сирский Суми вилоятидаги жанговар ҳудудга ташриф буюриб, Россия армиясининг вилоятдаги ҳужуми тўхтатилганини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 26 июнь куни ўзининг Facebook саҳифасида ёзди.
Сирский минтақани мудофаа қилишни ҳозирги даврнинг энг муҳим вазифаларидан бири деб атаган. Унинг айтишича, бу ҳудудда мудофаа иншоотларини қуришни тезлаштириш зарур.
“Россия армиясининг Суми вилоятидаги ҳаракатлари тўхтатилди”, деб ёзди Сирский.
У сўнгги икки ой ичидаги мудофаа операциялари натижаларига таяниб, Россия ҳудудидан бошланган “ёзги ҳужумлар тўлқини” Харьков вилоятидаги ўтган йилги уринишлар каби муваффақиятсиз бўлганини билдирган.
Сирскийнинг сўзларига кўра, жорий ҳафта ҳолатида Украина армияси жанговар тўқнашув чизиғини барқарорлаштиришга эришган.
“Айрим йўналишларда бўлинмаларимиз фаол мудофаа тактикаси орқали ҳаракат қилиб, Суми вилоятининг чегара ҳудудларида украин ерларини озод этмоқда”, дейди у.
Шунингдек, Сирский Шимолий Слобожан йўналишидаги жанглар ҳудудига ташриф давомида Украина бўлинмалари томонидан Россиянинг Курск вилоятидаги Глушков туманида олиб борилган ҳужумлар ҳақида сўз юритган. Унга кўра, бу ҳужумлар Россия қўшинларини ўз ҳудудларини ҳимоя қилишга мажбур қилган ва бу эса Суми йўналишидаги душман кучларининг ҳужум салоҳиятини сезиларли даражада пасайтирган.
Сирский, шунингдек, Суми вилоятини ҳимоя қилиш бўйича махсус гуруҳ ташкил этилганини маълум қилган. Ушбу гуруҳнинг асосий вазифалари орасида муҳандислик ва мудофаа иншоотларини қуриш ҳамда шаҳарларда ҳужумга қарши тайёргарлик ишларини олиб бориш мавжуд.
“Душман ҳужуми эҳтимоли бўлган йўналишларда самарали муҳандислик тўсиқлари тизимини таъминлаш учун жавобгар масъул шахс ҳам тайинланди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг Суми вилоятининг Верхнесироватская маҳалласида Россия дронлари ёрдамида уюштирилган йирик ҳужуми оқибатида камида уч киши ҳалок бўлганди. Уларнинг орасида 1 нафардан эркак, аёл ва саккиз ёшли бола бўлган.
Live
Барчаси