Трамп Эронда ҳокимият алмашинуви эҳтимолини истисно қилмади
Олам
−
23 Июнь 3212 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон раҳбариятининг алмашиши ғоясини инкор этмади. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
“Режим алмашинуви” деган иборани ишлатиш сиёсий жиҳатдан ноўрин деб қаралади, лекин агар ҳозирги эронлик раҳбарлар Эронни яна буюк қилишга қодир бўлмаса, нега режим алмашмаслиги керак? Келинг, Эронни яна буюк қилайлик!”, деб ёзган Трамп.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 июнь куи Дональд Трамп халқига мурожаат қилиб, АҚШ Эроннинг учта ядровий объектига – Фордо, Натанз ва Исфаҳонга зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса халққа қилган мурожаатида Трампга бу ҳужумлар учун миннатдорлик билдирган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг зарбалари узоқ муддатли оқибатларга олиб келишини айтди. Шунингдек, Эрон ҳукумати зарбаларга қарамай, ядровий энергияни ривожлантиришдан воз кечмаслигини маълум қилди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса АҚШ томонидан Эроннинг ядровий объектларига уюштирилган ҳужумни “халқаро тинчлик ва хавфсизликка бевосита таҳдид” деб атади.
Мазкур вазият юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ҳам баёнот бериб, Яқин Шарқдаги вазиятнинг шиддат билан кескинлашаётгани чуқур хавотир уйғотаётганини, Ўзбекистон доимо минтақадаги барча томонларни ўзаро музокаралар орқали тинчлик йўлида ҳаракат қилишга чақириб келганини билдирган.
Шу билан бирга, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида АҚШнинг Эрон бўйича сўнгги ҳарбий ҳаракатлари минтақада хавфсизликка таҳдид солаётганини маълум қилди.
Шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макрон Теҳронни АҚШнинг Эрон ядровий иншоотларига берган зарбасидан сўнг вазиятни пасайтиришга ва мулоқотга қайтишга чақирди.
Live
Барчаси