9-кун. Эрон аҳолиси Оятуллоҳни қўлламоқда
Таҳлил
−
21 Июнь 12220 3 дақиқа
Исроил ва Эрон ўртасидаги урушнинг 9-куни ҳам ўтиб бормоқда. 13 июндан бери ҳеч бир кун ҳаво ҳужумларисиз ўтмади. Ҳар куни томонлар бир-бирига ҳужум уюштиради, жавоб зарбаси йўллайди.
20 июнь куни Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Женевада Британия, Франция ва Германия Ташқи ишлар вазирлари билан учрашув ўтказганига қарамай, 21 июнь куни эрталаб Эрон ва Исроил ўзаро янги ҳужумларни амалга оширди.
Эроннинг “Fars” агентлиги хабар беришича, Исроил мамлакатдаги энг йирик ядровий объектлардан бири – Исфаҳон ядровий мажмуасига ҳужум қилган. Аммо радиацион моддалар оқиб чиқмаган. Қум шаҳридаги бир бино ҳам нишонга олинган, дастлабки маълумотларга кўра, 16 ёшли йигит ҳалок бўлган ва яна икки киши яраланган. Исроилнинг ақлдан озган Мудофаа вазири Кац эса Қумга берилган зарба оқибатида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Фаластин бўлими раҳбари Саид Изадий йўқ қилинганини даъво қилмоқда. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Исроил ва Эрон ўртасидаги урушда энг муҳим нуқта бўлиб турган ва ҳатто эҳтимолий ядровий зарба йўллаш учун нишон ҳисобланадиган Фордо уранни бойитиш заводи Қум яқинида жойлашган.
Ўз ўрнида Эрон томонидан ҳам Исроилга ракета зарбалари йўлланган. Тель-Авив ва марказий ҳудудларда ҳаво ҳужуми сиреналари янграган. Ғарбий Соҳилдаги Исроил томонидан босиб олинган ҳудудларда ҳам шундай ҳолат кузатилган. Қурбонлар ҳақида эса маълумотлар мавжуд эмас. Умуман олганда, хорижий ОАВ фақатгина Эрондаги қурбонларнинг рақамларини келтирмоқда. Жумладан, “The Guardian” нашри Исроил ҳужумлари бошланганидан бери Эронда 430 тинч аҳоли ҳалок бўлгани, 3500 дан ортиқ киши жароҳат олгани ҳақида хабар берди. Human Rights Activists News Agency эса Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида тинч аҳоли, ҳарбийлар ва ядро олимларини қўшиб ҳисоблаганда Эронда 639 нафар ўлим ҳолати кузатилганини эълон қилди. Аммо Исроилдаги қурбонлар сони бир неча кундан буён янгилангани йўқ. Эрон зарбалари оқибатида ҳалок бўлган яҳудий давлати фуқаролари сони 24 нафарга етди дея эълон қилингандан буён бу рақам ўзгарганича йўқ.
Эронда мафкуравий бирлик ҳали ҳам мустаҳкам
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва бошқа расмийлар АҚШ билан музокаралар фақатгина Исроил агрессияси тўхтагандагина бошланишини айтиб келмоқда. Шундай қатъий позицияда Ароқчи АҚШни четлаб, 20 июнь куни Женевага Европа Ташқи ишлар вазирлари билан музокара ўтказиш учун борди. Бироқ Женева музокараларида жиддий илдамлашув кузатилмади. Трамп Эрон фақат АҚШ билан гаплашишни исташини, Европага бу масалада умид қилиш нотўғри эканини билдирди. Бу орада эса АҚШ Эронга қарши янги санкциялар жорий қилгани айтилмоқда. Санкциялар рўйхатига “террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатиш” айблови билан боғлиқ бўлган бир қатор жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, кемалар киритилган. Улар орасида Эроннинг Хитой, Туркия, Яман ва бошқа мамлакатлардаги ташкилотлари ҳам бор.
Бироқ Эрондаги мавжуд ҳокимиятни ағдаришда халққа таъсир ўтказмоқчи бўлаётган қочоқ валиаҳд Ризо Паҳлавий ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху 45 йиллик мустаҳкам мафкуранинг кучини нотўғри баҳолаганга ўхшамоқда. Чунки эронликлар мамлакат етакчиларини қўллаб намойишлар ўтказмоқда. Аҳоли жума намозидан кейин шаҳар кўчаларига чиқиб, ўз етакчиларини қўллаб-қувватловчи шиорлар айтишган. Аввалроқ эса Нетаньяху ўзини форсларнинг халоскори сифатида тарифлаб, эронликларни Оятуллоҳ ҳокимиятидан халос қилмоқчи экани ҳақида сафсаталар тўқиш билан овора эди.
Live
Барчаси