Швейцарияда асосий фоиз ставкаси 0 фоизгача туширилди

Олам

image

Бугун, 21 июнь куни Швейцария Миллий банки асосий қайта молиялаш ставкасини 0,25 фоиздан 0 фоизгача пасайтирганини эълон қилди. Миллий банк бу қарорни “ўтган чорак якунларига кўра қайд этилган инфляцион босимнинг пасайиши” билан изоҳлади.

“Пул-кредит сиёсатини юмшатишга қаратилган бугунги чоралар инфляциянинг секинлашувига жавобдир. Биз вазиятни диққат билан кузатишда давом этамиз ва зарурат туғилганда пул-кредит сиёсатимизни қайта кўриб чиқишга тайёрмиз”, дейилади Миллий банк баёнотида.

Кўплаб бошқа мамлакатларда инфляция нисбатан юқори даражада сақланаётган бир пайтда, Швейцарияда май ойида бу кўрсаткич –0,1 фоизни ташкил этди. Мутахассислар буни Швейцария франкининг барқарор юқори курси билан изоҳламоқда, бу эса мамлакатга импорт қилинадиган маҳсулотлар нархини маҳаллий истеъмолчилар учун янада арзонлаштиради.

Франк курсининг кўтарилиши, асосан, глобал макроиқтисодий беқарорлик шароитида инвесторлар ушбу валютани ўз активларини сақлаш учун ишончли восита деб билаётганлари билан боғлиқ. Баъзи таҳлилчилар яқин ҳафталарда Швейцария Марказий банки асосий ставкани манфий даражагача, яъни –0,25 фоиздан –0,75 фоизгача тушириши мумкинлигини истисно этмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 12 июнь кунги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Швейцария асосий фоиз ставкаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг