Исроил Теҳрондаги уран центрифуга заводига зарба берди
Олам
−
18 Июнь 6494 2 дақиқа
Исроил ЦАХАЛ кучлари бугун, 18 июнга ўтар кечаси Теҳрондаги уранни бойитиш центрифугаларини ишлаб чиқариш корхоналари ва Эрондаги ракета заводларига зарба берди. Операцияда Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг 50 га яқин самолёти иштирок этди. Бу ҳақда ЦАХАЛ матбуот хизмати хабар берди.
Исроил ҳарбийларига кўра, нишонлар орасида қурол-яроғ заводлари, жумладан, Эрон Исроилга қарата отган “ер-ер” тоифасидаги ракеталар учун хомашё ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган заводлар, шунингдек, самолётларни йўқ қилишга мўлжалланган “ер-ҳаво” ракеталари учун тизимлар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи объектлар бўлган.
Исроил аввалроқ ҳаво зарбалари билан Натанздаги ерости заводида уранни бойитиш центрифугаларини йўқ қилган эди. Исфаҳондаги ядровий иншоотда ҳам Исроил зарбалари оқибатида кўрилган зарар қайд этилган. Шу билан бирга, Фордони бойитиш заводи майдонида ва қурилаётган Хондаб оғир сув реакторида ҳеч қандай зарар қайд этилмаган. Бушеҳр атом электр станцияси сўнгги ҳужумларнинг нишони бўлмаган ва улар Теҳрондаги тадқиқот реактори каби зарар кўрмаган.
Эрон ахборот агентликларининг хабар беришича, Исроил ҳарбийлари Теҳрон шарқидаги Имом Ҳусайн университетига зарба берган. “The Times of Israel” нашрининг ёзишича, бу таълим муассасаси Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан боғланган.
Эрон, ўз навбатида, яна Исроилга ракета учирди. Эроннинг “Tasnim” агентлиги ракета зарбаси можаро бошланганидан бери энг оммавий зарбалардан бири бўлганини даъво қилмоқда. Исроилда вайроналар ва қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.
Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эронга қарши ҳарбий операция бошлаб, ядровий иншоотлар, ҳарбий базалар ва Эрон армияси ходимларига зарба берди. Исроил расмийлари ўз ҳужумларини Теҳроннинг ядровий қурол яратишга хавфли ёндашуви билан изоҳлади.
Эрон атом бомбаси яратиш айбловларини рад этди ва Исроилга жавоб зарбалари йўллади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ЦАХАЛнинг зарбалари Эрон ядро дастурини йиллар орқага сурганини айтди. Бироқ, АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, ядровий қурол яратиш учун зарур миқдорда юқори даражада бойитилган уран ишлаб чиқариш учун Эронга яна камида уч йил керак бўлган. Шу билан бирга, АҚШ разведкасининг қайд этишича, Исроилнинг ракета зарбалари Эроннинг ядровий дастурини атиги бир неча ойга тўхтатиб қўйган.