Сотиш учун 3,5 млрд сўмлик сифатсиз дорини сақлаётганлар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
18 Июнь 3325 3 дақиқа
Сифат сертификатига эга бўлмаган дори воситаларини ноқонуний савдога чиқарилишининг олди олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 1949 йилда туғилган фуқаро ва унинг 1979 йилда туғилган ўғлининг Олмазор туманидаги яшаш манзили кўздан кечирилганда хонадон ертўласида умумий қиймати 1 млрд сўмдан ортиқни ташкил этувчи “Тренакса”, “Сумамигрен”, “Фемилекс” каби жами 72 номдаги 3615 қути дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, ота-бола мамлакатга ноқонуний олиб келинган бундай дори воситаларини мунтазам равишда водий вилоятларидан арзон нархда харид қилиб, пойтахтдаги мижозларга сотиш билан шуғулланишган.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг хулосасига кўра, ушбу дори воситалари давлат реестрида қайд этилмаган, мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаган ҳамда уларни махсус шароитларда сақлашнинг белгиланган қоидаларига амал қилинмаган. Шу сабабли мазкур дори воситаларини сақлаш, сотиш, ташиш ва тиббиётда қўллаш тақиқланади.
Билдирилишича, ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,186-3-моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳридаги дорихоналардан бирида сотиш учун сақлаб келинаётган, шубҳа уйғотувчи 456 турдаги 57 минг 407 дона дори воситалари, 18 турдаги 835 дона дори воситаларининг ясама бўш қутилари ҳамда 1 дона дори тайёрлаш мосламаси мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, дори воситаларнинг умумий қиймати 3,5 млрд сўмни ташкил қилади.
Шунингдек, ушбу дори воситаларининг 160 турдагиси давлат реестрида қайд этилмагани, 274 турдагисига мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмагани, 50 турдагиси сифатсиз, яроқлилик муддати ўтган ҳамда 7 турдагиси эса қалбакилаштирилгани маълум бўлди.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан дорихона мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида сифати кафолатланмаган дори воситаларини 16 600 АҚШ долларига сотаётган шахс қўлга тушган эди.
Live
Барчаси