Бухорода “участкавой” болани қийноққа солдими? (видео)
3-саҳифа
−
14 Июнь 13661 2 дақиқа
Кеча, 13 июнь куни ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятида ички ишлар органи ходими ўз хизмат хонасида вояга етмаган болани қийноққа солаётгани айтилган видео тарқалди. Мазкур видео юзасидан Болалар омбудсмани ва боланинг онаси муносабат билдирди.
Хусусан, Болалар омбудсмани текширув ўтказиш ва болага нисбатан содир этилаётган “ғайриқонуний ҳаракатларга” ҳуқуқий баҳо бериш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига сўров киритилганини ва ҳолат Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўрганилаётганини билдирди.
Кейинроқ, боланинг онаси ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш қилиб, тарқалган видео қиш фаслида юз бергани ва бола довча ўғирлагани учун калтаклангани айтилган хабарлар ҳақиқатга зид эканини маълум қилди.
Унинг билдиришича, аслида болакай ИИБда фаолият олиб борувчи отасининг олдига борган пайтида аввалдан таниш бўлган ходим билан ҳазил қилган. Бола ва ходим ўртасида ҳазиломуз “жанг” бўлган ва бола қийноққа солинмаган.
“Видеодаги ходим турмуш ўртоғимнинг шогирди, ўғлим билан ака-укадек. У ҳазил қилиб, шундай эркалатган. Боламга ҳеч қандай тажовуз қилинмаган. Кўрган ҳар нарсангизга ишонманг. Фарзандим шу ишга қизиққани учун турмуш ўртоғимнинг ишхонасига келиб туради”, дейди боланинг онаси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида эркак ёш болага куч ишлатган эди. Ушбу воқеа Сирдарё вилояти ИИБ масъуллари томонидан ўрганилган. Ўрганишлар давомида ҳолат иштирокчиларининг шахсига аниқлик киритилиб, қонуний тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилгани аниқланган.