Эрондаги ядровий иншоотдан радиация сизиб чиқди – МАГАТЭ

Олам

image

Эроннинг Натанз шаҳридаги уранни бойитиш бўйича асосий иншоот Исроилнинг кеча, 13 июнь куни бир кеча-кундузда уюштирган ҳужумларидан сўнг альфа-заррача нурланиш чиқарди. Бу ҳақда Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) бош директори Рафаэль Гросси маълум қилди.

Унинг айтишича, Натанз иншооти ташқарисидаги радиация даражаси ўзгаришсиз қолган.

”Объект ичидаги радиоактив ифлосланиш тури, асосан альфа зарралари, тегишли ҳимоя чоралари билан назорат қилиниши мумкин”, деди Гросси.

Эрон Атом энергияси ташкилоти раҳбари Муҳаммад Исломий, ўз навбатида, Исроил ҳужумлари Натанздаги иншоотга жиддий зарар етказмагани ёки радиация сизиб чиқишига олиб келмаганини даъво қилмоқда.

“Яхшиямки, зарар ер даражасида бўлган ва бизда қурбонлар йўқ. Шунингдек, аҳолини хавотирга солиши мумкин бўлган радиация оқишлари ҳам кузатилмаган. Ҳозирда етказилган зарарни баҳолаяпмиз”, деди у.

Аввалроқ Эроннинг Исфахон вилояти губернатори хавфсизлик бўлими бошлиғи ўринбосари Акбар Солиҳий Натанзда ядровий заҳарланиш ҳақида хабарлар йўқлигини маълум қилганди.

Гроссининг таъкидлашича, давлатлар ўртасидаги вазият ёки муносабатлардан қатъи назар, ядровий иншоотларга “ҳеч қачон ҳужум қилинмаслиги керак”.

“Бундай ҳужумлар Ер аҳолисига ҳам, атроф-муҳитга ҳам зарар этказиши мумкин. Бундай ҳужумлар ядровий хавфсизлик, хавфсизлик ва кафолатлар, шунингдек, минтақавий ва халқаро тинчлик ва хавфсизлик учун жиддий оқибатларга олиб келади”, деди МАГАТЭ раҳбари.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони этиб тайинланган Муҳаммад Пакпур 13 июнь куни ўзидан олдинги қўмондон Ҳусайн Саламийнинг ўлимига сабаб бўлган Исроил зарбаларига жавобан “дўзах эшикларини” очиш билан таҳдид қилди. Умуман олганда, Исроилнинг 13 июнга ўтар кечаси бошланган йирик зарбалари Эроннинг 20 га яқин юқори мартабали ҳарбий раҳбарлари ва асосий ядровий олимларининг ҳаётига зомин бўлди.

Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган кенг кўламли ҳужумлардан сўнг, Эрон Исроилга қарши ўз жавоб зарбаларини йўллади. Эрон ҳарбий кучлари томонидан Исроил ҳудудига қарата 200 дан ортиқ дрон ва баллистик ракеталар учирилган. Исроил Мудофаа кучлари ушбу зарбаларни тасдиқлаган ва ҳаво мудофаа тизимлари зудлик билан ишга туширилган. ЦАХАЛ расмий баёнотида айтилишича, Исроил ҳаво мудофааси катта миқдордаги ҳужумчи дрон ва ракеталарни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва 10 дан ортиқ киши жароҳат олган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон МАГАТЭ Исроил Рафаэль Гросси Натанз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг