Исроил яқин кунларда Эронга зарба бериши мумкин – ОАВ

Олам

image

Исроил Эрон ядро дастури борасидаги таҳдидга жавобан АҚШ ёрдамисиз ҳам зарба бериш имконини жиддий кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда АҚШ Конгрессидаги манбалар ва вазиятдан хабардор бошқа шахсларга таяниб, NBC News телеканали хабар берди.

Телеканалга кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳозирда Эрон билан дипломатик келишув бўйича фаол музокаралар олиб бормоқда. Ушбу келишув Эроннинг уранни бойитиш фаолиятини чеклаш эвазига санкцияларни юмшатишни назарда тутади.

Бироқ Исроил бундай чекловларни етарли деб ҳисобламаяпти ва музокаралар дастлабки босқичдаги келишувга яқинлашган бир пайтда Эрон ядро иншоотларига бир томонлама зарба бериш вариантини муҳокама қилмоқда. Бу ҳаракат АҚШ сиёсати билан кескин зиддиятга олиб келиши мумкин, чунки Трамп маъмурияти Исроилга бундай уруш ҳаракатларидан тийилиш кераклигини таъкидлаб келмоқда.

Трамп маъмурияти Эрон билан ҳар қандай ҳарбий тўқнашув эҳтимолига қарши фавқулодда чора-тадбирлар кўрмоқда. Қўшма Штатлар Эрон ракеталари ёки ҳарбий кучлари етиб бориши мумкин бўлган ҳудудлардаги барча элчихоналарга хавф даражаси юзасидан зудлик билан ҳисоб-китоблар юборишни буюрди. Хусусан, Бағдоддаги АҚШ элчихонасидан зарурат бўлмаган ходимларни эвакуация қилиш эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат департаменти бунгача ҳам Баҳрайн ва Қувайтдаги ҳарбий ходимларнинг оила аъзолари учун ихтиёрий чиқиб кетишга рухсат берган эди. Бағдоддаги АҚШ элчихонаси эса аввалдан чекланган таркибда ишлаётган бўлиб, эвакуация катта миқёсли бўлмайди.

Трамп АҚШ ходимлари минтақадан чиқарилаётганини у ер хавфли жойга айланиши мумкинлиги билан изоҳлаган.

Эрон томонидан эса бундай баёнотларга жавобан огоҳлантирувлар янграмоқда. Хусусан, Эрон Мудофаа вазири Азиз Носирзода Эронга зарба берилса, Теҳрон АҚШ базаларини нишонга олишини эълон қилди.

Шу билан бирга, АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар давом этмоқда. АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф жорий йилнинг 15 июнь Уммон пойтахти Маскатда Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Аббос Ароқчи билан учрашиши кутилмоқда.

Бу музокараларнинг фонида АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Майкл Курилла Эрон ядро қуролига эга бўлишининг олдини олиш бўйича президентга турли ҳарбий вариантларни тақдим этганини айтган.

Эрон эса БМТдаги миссияси орқали АҚШнинг ҳарбий таҳдидларига жавобан баёнот бериб, Вашингтоннинг “эзувчи” куч таҳдидлари ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини, Эрон ядро қуролига интилмаётганини ва АҚШ сиёсати фақат беқарорликни кучайтиришини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон ядро дастури Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг